
Афсонавий немис пойгачиси Михаэл Шумахер 2001 йили «Формула-1» мусобақаларида бошқарган Ferrari F2001 пойга автомобили дунёдаги энг машҳур аукционлардан бири — RM Sotheby’s кимошди савдосида рекорд даражадаги юқори нархда сотилди. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар бермоқда.
18,17 миллион долларлик бу автомобиль Шумахер иштирок этган пойгаларда ғалаба қозониш билан бирга, 2001 йилги Монако ва Венгриядаги Гран-приларда машҳур пойгачига жаҳон чемпиони унвонини олиб келишда муҳим роль ўйнаган эди. Мазкур Ferrari F2001 бугунги кунга қадар Михаэл Шумахер бошқарган ва кимошди савдосида сотилган «Формула-1» машиналари орасида энг қиммат сотилган автомобиль бўлиб, тарихга кирди.
Михаэл Шумахер «Формула-1» тарихидаги энг кучли пойгачилардан бири бўлиб, 7 марта жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Унинг карьераси давомида эришган муваффақиятлари ва ёрқин ғалабалари уни моторспорт оламида ҳақиқий афсонага айлантирган.
2013 йилда Шумахер карерасини якунлаганидан сўнг, Алп тоғларида чанғи учиш вақтида бошидан оғир жароҳат олган. Шу вақтдан бери унинг оиласи Михаэлнинг саломатлиги ҳақидаги маълумотларни оммадан сир сақлаб келади. Шу сабабдан машҳур спортчининг ҳозирги аҳволи ҳақида тафсилотлар номаълумлигича қолмоқда.
Аукционда Ferrari F2001 сотилганидан аввал, фақатгина учта пойга автомобили бу нархдан қимматроққа сотилган эди. Қизиғи, бу машиналарнинг барчаси Mercedes жамоасига тегишли бўлган.
Бугунги кунгача кимошди савдоларида энг юқори нархда сотилган «Формула-1» автомобили сифатида Mercedes W196 қайд этилган бўлиб, ушбу машина 1950 йиллар ўрталарида мусобақаларда қатнашган ва 51,2 миллион еврога сотилган.
Шумахернинг Ferrari F2001 автомобилининг рекорд даражада сотилиши пойга мухлислари ва коллекционерлар орасида катта қизиқиш уйғотди ва бу каби афсонавий машиналарнинг қиммати йилдан йилга ошиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар