date
views 3 738

Ҳиндистонда Boeing 787 Dreamliner илк бор ҳалокатга учради (видео)

Ҳиндистонда Boeing 787 Dreamliner илк бор ҳалокатга учради (видео)
Ҳиндистонда жуда ҳам кам учрайдиган, балки тарихий деб аташ мумкин бўлган авиафалокат содир бўлди. Гужарот штатидаги йирик шаҳар — Аҳмадобод яқинида Air India авиакомпаниясига тегишли Boeing 787-8 Dreamliner самолёти йўловчилар тўла ҳолда ҳалокатга учради.

Самолёт уй-жойлар мавжуд ҳудудга қулагани ва воқеа жойида қуюқ тутун осмонга кўтарилгани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда бир зумда кенг тарқалди. Ҳозирча ҳалокат оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланувчилар сони расман маълум қилинмади. Аммо, бортда 242 нафар йўловчи бўлгани қайд этилмоқда. Улар орасида 169 нафар Ҳиндистон, 53 нафар Буюк Британия, 7 нафар Португалия, 1 нафар Канада фуқароси ва 11 нафар болалар бўлган.

Reuters агентлигининг хабар қилишича, йўқотилган самолёт AI171 рейси бўлиб, бошланғич манзили сифатида Лондондаги Гэтвик аэропорти кўрсатилган, баъзи манбалар эса самолёт Бирмингҳэмга учганини айтишмоқда.

Техник маълумотларга кўра, ҳалокатга учраган Boeing 787-8 Dreamliner — Boeing компаниясининг сўнгги йилларда ишлаб чиқарилган, инновацион ва тежамкор парвоз хусусиятлари билан фарқ қиладиган замонавий авиалайнерларидан биридир. Бу модель тарихида илк бор йирик авиаҳалокат қайд этилди. Бу эса Boeing компанияси учун сўнгги пайтларда кўпайган техник муаммолар соясида яна бир жиддий зарба бўлиши мумкин.

Air India расмийлари ҳозирча ҳодисанинг аниқ сабаблари ва оқибатлари ҳақида маълумот бермади. Компания баёнотида фақат “AI171 рейси билан боғлиқ фавқулодда вазият юз бергани” тасдиқланди. Ҳодиса атрофида тергов ишлари бошланган, яқин соатларда қўшимча расмий маълумотлар эълон қилиниши кутилмоқда.

Бундай ҳолатда кўплаб мамлакатлар элчихоналари, жумладан, Буюк Британия ва Португалия дипломатлари ёрдам кўрсатиш ва ҳалок бўлганлар ҳамда жабрланувчилар ҳақида аниқ маълумот олиш учун иш олиб бормоқда.

Бу воқеа нафақат Ҳиндистон, балки бутун дунёдаги авиация хавфсизлиги масаласини яна бир бор кун тартибига чиқариши шубҳасиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистонда Boeing 787 Dreamliner илк бор ҳалокатга учради (видео)