
Ҳиндистон ғарбидаги Гужарот штатида, Аҳмадобод шаҳри аэропорти яқинида содир бўлган йирик авиаҳалокат нафақат мамлакат, балки дунё авиацияси учун ҳам оғир синовга айланди. 12 июнь куни Air India авиакомпаниясига тегишли Boeing 787-8 Dreamliner учоғи Лондонга йўл олиш учун ҳавога кўтарилганидан бор-йўғи икки дақиқа ўтганидан сўнг ҳалокатга учради. Flightradar маълумотларига кўра, маҳаллий вақт билан 10:06 да парвоз бошланган, 10:08 да эса учоқдан сўнгги сигнал келган.
Ҳалокат рўй берган жой аэропортдан унча узоқ эмас — аҳоли яшаш кварталида, тиббиёт олийгоҳининг ётоқхонаси яқинида бўлиб ўтди. Самолёт қурилиш бинолари устига қулаган ва бу фақат йўловчилар эмас, балки қуруқликдаги одамлар ҳаётига ҳам зомин бўлди. Воқеа жойида қуюқ тутун кўтарилди, ижтимоий тармоқларда ҳалокатдан олдинги ва қулаган учоқ видеолари кенг тарқалди.
Самолёт бортида 242 киши бўлгани маълум қилинди — 230 нафар йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзоси. Улар орасида Ҳиндистон, Буюк Британия, Португалия, Канада фуқаролари ҳам бор эди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбекистонликлар борлиги ҳақида маълумот йўқлигини расман тасдиқлади. Йўловчилардан 11 нафари болалар бўлган. Воқеадан сўнг маҳаллий телеканаллар дастлаб 133 нафар ҳалок бўлганини хабар қилди. Reuters ахборотига кўра, шифохоналарга 100 дан зиёд жасад олиб келинган, қурбонлар сони янада ошиши мумкин.
Авиакатастрофа қурбонлари нафақат йўловчилар ва экипаж, балки ерда бўлган одамлар — асосан талабалар ва маҳаллий аҳоли ҳамдир. Reuters ахборотида қутқарувчилар вайроналар остида қолган 30-35 кишининг жасадини топгани қайд этилган.
Air India авиакомпанияси расмий баёнот бериб, Лондонга учган AI171 рейси билан боғлиқ "ҳодиса" юз бергани ва қўшимча маълумотлар кейинроқ эълон қилиниши айтилди. Лондондаги Гэтвик аэропорти бу рейс маҳаллий вақт билан соат 18:25 да қўниши керак бўлганини маълум қилди.
Самолёт ҳалокати боғлиқ бўлган Boeing 787 Dreamliner нафақат Air India, балки бутун Boeing компанияси учун катта йўқотиш ва жуда жиддий воқеадир. Dreamliner оиласига мансуб ушбу самолёт 2014 йилда Air India авиапаркига қўшилган, илк бор 2009 йилда парвоз қилган ва 15 йил давомида шундай йирик ҳалокатга учрамаган эди. Dreamliner – Boeing’нинг инновацион ишланмаси, композит материаллардан тайёрланган, ёқилғи тежамкор ва узоқ масофага учиш имконига эга. Аммо техник муаммолар ушбу турдаги учоқлар учун ҳам бегона эмас: 2013 йилда Япония авиакомпанияларида литий-ион батареяларининг ёнуви сабабли барча Dreamliner’лар вақтинча парвозлардан чиқарилган эди.
Бу фожеа дунё авиацияси учун ҳам оғир зарба. Boeing компанияси акциялари ҳалокатдан кейин АҚШдаги савдоларда 8 фоизга арзонлашди. Бу эса бозорда компанияга бўлган ишончга жиддий таъсир кўрсатди. Яқин йилларда Boeing техник муаммолар ва бошқа ҳалокатлар билан бир неча бор танқидларга учраган эди, энди эса Dreamliner ҳалокати шундай синовларнинг яна бирига айланди.
Ҳалокат сабаблари ҳозирча расман эълон қилинмади. Қутқарув ва тергов ишлари давом этмоқда. Ҳиндистон соғлиқни сақлаш вазирлиги "жуда кўп одам ҳалок бўлгани"ни тан олди, бироқ қурбонлар сони аниқлаштирилмоқда. Ҳиндистон полицияси вакилига кўра, амалда экипаж ва йўловчилардан омон қолганлар йўқ.
Аҳмадобод фожеаси нафақат мамлакат, балки бутун дунёдаги авиасаноат, парвоз хавфсизлиги ва замонавий технологиялар ишончининг янги синови бўлди. Мазкур ҳалокат авиация тарихида катта из қолдириши ва хавфсизлик талабларини янада кучайтиришга сабаб бўлиши аниқ. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар