date
views 2 550

Air India ҳалокатида мўъжизавий тарзда бир йўловчи тирик қолди

Air India ҳалокатида мўъжизавий тарзда бир йўловчи тирик қолди
Ҳиндистон ғарбидаги Гужарот штатида содир бўлган Air India авиаҳалокати дунё жамоатчилиги эътиборида турибди. Илк хабарларга кўра, бу ҳалокатда омон қолганлар йўқлиги маълум қилинган эди. Аммо, мамлакат полицияси комиссари Г.С.Маликнинг бугун ANI нашрига берган янги баёнотига кўра, қутқарувчилар битта тирик қолган йўловчини топишга муваффақ бўлишди.

Омон қолган йўловчи — Британия фуқароси Вишваш Кумар Рамеш бўлиб, у ҳалокат вақтида самолётнинг 11-ўриндиғида бўлгани аниқланди. Расмийлар томонидан эълон қилинган рўйхатда ҳам, бортга чиқиш талонида ҳам унинг исми ва жойи аниқ қайд этилган. Айни пайтда Вишваш шифохонада тиббий кўрик ва даволаниш жараёнидан ўтмоқда.

Вишваш журналистларга берган қисқа интервьюсида ҳалокат лаҳзаларини эслаб шундай деди: “Самолёт ҳавога кўтарилганидан 30 сония ўтиб, баланд овоз эшитилди ва кейин ҳодиса содир бўлди. Ҳаммаси бир зумда юз берди”.

Маълумотларга кўра, Air India авиакомпаниясининг Boeing 787-8 Dreamliner самолёти бортида жами 242 киши бўлган. Айни пайтда қутқарувчилар 204 нафар қурбоннинг жасадини топишган. Энг қайғулиси, ҳалокат маҳаллий шифокорлар ва тиббиёт талабалари яшайдиган ётоқхонага қулагани учун, қурбонлар сони янада ортиши мумкин. Расмийлар “50 дан 60 гача” жабрланувчилар шифохоналарга етказилганини маълум қилишмоқда.

Айни вақтда ҳалокат оқибатлари билан боғлиқ қидирув-қутқарув ишлари тўхтагани йўқ. Қутқарувчилар ва тиббий хизматлар оқибатларини бартараф этишга тинимсиз ҳаракат қилмоқда. Фожиадан сўнг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Ҳиндистон раҳбарияти ва халқига чуқур ҳамдардлик билдирди.

Air India ҳалокати нафақат Гужарот, балки бутун жаҳон ҳамжамияти учун оғир синов бўлди. Аммо ушбу қайғули воқеада мўъжиза билан тирик қолган йўловчи — Вишваш Кумар Рамешнинг ҳаёти умид ва сабр-матонат рамзи сифатида тилга олинмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Air India ҳалокатида мўъжизавий тарзда бир йўловчи тирик қолди