date
views 366

Россия май ойида Украинада ўнлаб ҳудудларни эгаллади

Россия май ойида Украинада ўнлаб ҳудудларни эгаллади
2025 йил май ойида Россия армияси Украинада жойлашган бир қатор аҳоли пунктларини ўз назоратига ўтказиб, уруш бошланганидан буёнги энг кенг ҳудудий илгарилашлардан бирини амалга оширди, деб хабар бермоқда The Wall Street Journal.

Нашр манбасига кўра, май ойида Россия қўшинлари Донецк, Суми ва Харков вилоятларидаги катта ва кичик аҳоли пунктларини эгаллади. Хусусан:

• Донецк вилоятида: Новопол, Волное поле, Гнатовка, Шевченко Первое, Новооленовка, Котляровка, Михайловка, Миролюбовка, Ступочки ва бошқалар.
• Суми вилоятида: Водолаги, Локня, Владимировка, Беловоди, Константиновка ва бошқа аҳоли пунктлари.
• Харков вилоятида: Строевка ва Кондрашовка.

Бундай кўламдаги ҳудудий илгарилашлар, WSJ таҳлилчилари фикрича, Киев ва Москва ўртасидаги музокаралар натижа бермаётганини ва низо ҳал бўлиши фақат ҳарбий ҳаракатлар орқали амалга ошиши эҳтимолини кучайтирмоқда.

Жанглар энг кескин кечаётган нуқталар

Журнал таъкидлашича, айниқса Донецкдаги Покровск (Красноармейск) ва Константиновка, шунингдек, Суми вилояти атрофи айни пайтда урушнинг энг фаол нуқталарига айланган.

Украиналик катта лейтенантнинг айтишича, Константиновка ҳозирда фронт чизиғига айланмоқда. Жанглар куннинг исталган вақтида давом этмоқда, ротация имкониятлари чекланган, шахсий таркиб эса тинимсиз жанглардан чарчаган.

Истанбул музокаралари ва зиддиятли талаблар

Шу билан бирга, май ва июн ойларида Истанбулда ўтказилган музокараларда ҳам маълум ҳаракатлар кузатилди. 16 май ва 2 июн кунлари бўлиб ўтган учрашувларда, асосан, асирлар ва ҳалок бўлган аскарларнинг жасадини алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Иккинчи учрашувда томонлар ўзаро талаблар акс эттирилган меморандумлар билан алмашишди. Киев меморандумида жорий фронт чизиғини музокаралар учун асос сифатида қабул қилиш таклиф қилинган бўлса, Москва эса Украина армиясини Россия томонидан аннексия қилинган, аммо тўлиқ назорат қилинмаётган тўрт вилоят – Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсондан чиқариб кетишни талаб қилди.

Урушда янги босқич: ёзда вазият янада оғирлашиши мумкин

Фронтдаги фаоллик ва Россиянинг ҳудудий ютиғи Киев томони учун жиддий сигнал сифатида баҳоланмоқда. Украина ҳарбийлари ва таҳлилчилар ёз ойларида уруш барча йўналишларда янада қизғин тус олишини тахмин қилмоқда.

Шу билан бирга, сиёсий музокаралар ҳозирча жиддий силжишларга олиб келмаётгани ва ҳарбий ҳаракатлар орқали устунлик қилиш уринишлари давом этиши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия май ойида Украинада ўнлаб ҳудудларни эгаллади