
Хитой Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ниятида. Сиань шаҳрида бўлиб ўтган «Хитой – Марказий Осиё» саммитида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Жинпинг минтақавий ривожланиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган муҳим ташаббусларни эълон қилди.
Қайд этилишича, Хитой бешта Марказий Осиё мамлакатига жами 1,5 миллиард юан (тахминан 207 миллион АҚШ доллари) миқдорида бепул молиявий кўмак ажратади. Мазкур грант ҳар бир давлатда аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади. Бу эса Хитойнинг минтақада барқарор тараққиёт ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётганини тасдиқлайди.
Си Жинпинг ўз нутқида таъкидлашича, Пекин минтақавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларни янада чуқурлаштириш тарафдори. Шу мақсадда Хитой келгуси икки йил ичида Марказий Осиё мамлакатлари учун 3 минг нафар мутахассисни малака ошириш курсларида ўқитиш учун махсус квоталар ажратиш ниятида эканини ҳам маълум қилди.
Сўнгги йилларда Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги иқтисодий алоқалар сезиларли даражада мустаҳкамланиб бормоқда. Расмий маълумотларга кўра, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 2024 йил якунига келиб 95 миллиард доллардан ошиб кетган.
Экспертлар фикрича, бу каби ташаббуслар Хитойнинг геосиёсий таъсирини кучайтириш билан бирга, Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга ва янги лойиҳаларга замин яратиши мумкин.
Хитойнинг бундай беғараз кўмаги минтақада ўзаро ишончни мустаҳкамлайди ва кенг қамровли ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Мазкур грантлар ва таълим лойиҳалари нафақат иқтисодий, балки ижтимоий соҳаларда ҳам сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлиши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар