
Жанубий Исроилда жойлашган Давид Бен-Гурион университети яқинда тарихидаги энг оғир зарбалардан бирини бошидан кечирди. 19 июнь куни амалга оширилган Эрон ракеталари ҳужуми натижасида “Сорока” тиббиёт маркази ҳудудида жойлашган университетнинг олтита илмий-тадқиқот лабораторияси тубдан вайрон бўлди, яна тўққизта лабораторияда жиддий шикастлар қайд этилди. Бу ҳақда The Times of Israel нашри хабар тарқатди.
Ушбу воқеа фақат университет учун эмас, балки бутун Исроил илм-фани ва тиббиёт соҳаси учун мислсиз йўқотиш сифатида баҳоланмоқда. Лабораториялар йиллар давомида олиб борилган муҳим биологик ва тиббиёт йўналишидаги илмий лойиҳаларни амалга ошириб келаётган эди. Университетнинг тиббиёт фанлари факультетининг ўқув хоналари, амалий лабораториялари ва анатомия бўлими ҳам жиддий зарар кўргани маълум қилинди.
Шу билан бирга, университетнинг асосий кампусидаги яна 30 та турли иншоот, бинолар ҳам шикастланган. Ҳозирда раҳбарият зарар кўламини аниқлаш билан шуғулланмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, келтирилган моддий зиён “ўнлаб, балки юзлаб миллион шекел”ни ташкил этиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, 10 миллион шекел ҳозирги курс бўйича тахминан 2,93 миллион АҚШ долларига тенг.
Айни пайтда, бу ҳужум Исроилнинг тиббиёт, фан ва инновация соҳаларидаги истиқболли йўналишларига жиддий тўсиқ бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Вайрон бўлган лабораторияларда олиб борилган тадқиқотлар нафақат мамлакат, балки бутун минтақавий соғлиқни сақлаш тизими учун муҳим аҳамиятга эга эди.
Халқаро ахборот манбаларининг ёзишича, 13 июнь куни Исроил Эронга қарши ўз ҳужумларини бошлаган, мақсад – Теҳроннинг ядро ва ракета дастурларига боғлиқ объектларни йўқ қилиш эди. Орадан бир кун ўтиб, Эрон Исроилга жавоб зарбалари берди. Бу эскалация сўнгги йилларда минтақада кузатилган энг жиддий низолардан бири сифатида қайд этилмоқда.
22 июнь кечаси АҚШ Қуролли кучлари Эрондаги учта ядровий объектига зарба берди, 23 июн эса Эрон Қатарда жойлашган Яқин Шарқнинг энг йирик Америка авиабазаси – Ал-Удейдга ракета уюштирди. Бир неча кунлик кескин қарама-қаршиликдан сўнг, АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил ва Эрон ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришилганини эълон қилди. Келишув 24 июндан расман кучга кирди.
Zamin.uz таҳририятидан:
Фан ва билим даргоҳларига етказилган ҳар қандай зарба – келажак тараққиётига, янги авлод ва тиббиёт тараққиётига салбий таъсир кўрсатиши муқаррар. Тез орада вазият барқарорлашиб, илм-фан йўлидаги ишлар яна ўз изига тушишини тилаймиз. Тинчлик ва тараққиёт энг олий қадрият бўлиб қолаверади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар