Ҳалокатли офат: Непалда 200 киши қурбон бўлди, 800 сайёҳ қидирилмоқда (видео)

Непал ва Тибет чегарасида юз берган улкан кўчки ҳамда кучли сув тошқинлари минтақада сўнгги йиллардаги энг оғир табиий офатлардан бирини келтириб чиқарди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳалокатли ҳодиса оқибатида ҳозирга қадар 200 га яқин инсон ҳаётдан кўз юмган.
Вазиятнинг энг хавотирли томони — тоғли ва чекка ҳудудларда яна 1500 га яқин одам бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Уларнинг тенг ярмидан кўпини, яъни 800 нафарини саёҳатга келган хорижий ва маҳаллий туристлар ташкил этмоқда.
500 га яқин хорижий сайёҳ хавф остида: Давлатлар кесимидаги рақамлар
Табиий офат ҳудудида дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан келган 500 га яқин хорижлик сайёҳ билан алоқа бутунлай узилиб қолган. Бедарак кетганлар орасида қуйидаги давлатлар фуқаролари борлиги тасдиқланди:
Ҳиндистон: 177 нафар фуқаро;
АҚШ: 63 нафар сайёҳ;
Австралия: 34 нафар турист;
Буюк Британия: 33 нафар фуқаро;
Канада: 25 нафар сайёҳ.
Қолган хорижликлар ҳам турли Европа ва Осиё давлатларидан бўлиб, элчихоналар ўз фуқароларининг тақдирини аниқлаш бўйича фавқулодда штаблар ташкил этган.
Қидирув ишлари оғир шароитда кечмоқда
Қор ва тош кўчкилари йўлларни, кўприкларни ва инфратузилмани ювиб кетгани сабабли қутқарув бўлинмалари зарар кўрган қишлоқлар ҳамда сайёҳлик лагерларига етиб боришда катта қийинчиликларга дуч келмоқда.
Чегара ҳудудларида қидирув-қутқарув ишларига авиация ва махсус тоғ қутқарув отрядлари жалб қилинган бўлиб, вайроналар остидан тирик қолганларни топиш чоралари туну кун давом эттирилмоқда.































Изоҳлар 0
…