date

АҚШ Украинани "сақлаб қолмоқчи"

АҚШ Украинани "сақлаб қолмоқчи"
АҚШ Президенти Доналд Трамп душанба куни Украинага қўшимча мудофаа қуроллари юборилишини маълум қилди. Бу баёнот унинг маъмурияти ўтган ҳафта баъзи қуроллар етказиб берилишини вақтинча тўхтатганидан сўнг янгради.

“Биз яна қуроллар юборамиз. Бу зарур – улар ўзларини ҳимоя қила олишлари керак,” деди Трамп Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху билан кечки овқатдан олдин журналистлар билан суҳбатда. “Улар жуда кучли зарба олаяпти. Шунинг учун, биз кўпроқ қурол юборамиз – асосан мудофаа қуроллари.”

Трумпнинг бу қарори, Оқ уйда мудофаа ҳаражатлари ва хорижий ҳарбий ёрдамларни кўриб чиқиш бўйича ўтказилган таҳлилдан сўнг эълон қилинди. Мазкур таҳлил АҚШ Мудофаа вазири сифатида тайинланган Пет Хегсет томонидан тасдиқланган эди.

Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Анна Келли ўтган ҳафта бу қарорни “Америка манфаатларини биринчи ўринга қўйиш” деб изоҳлаган эди.

Баъзи АҚШ расмийлари таъкидлаганидек, ёрдамни вақтинча тўхтатиш қарори, бир қатор стратегик устуворликлар, хусусан, Хитой билан бўлажак можаро эҳтимолига тайёрланиш ва Тинч океани минтақасига эътиборни кучайтириш заруратига боғлиқ бўлган. Бу йўналишни Мудофаа сиёсати бўйича раҳбар Элбриж Колби илгари сурмоқда.

Колби баёнотида шундай деди: “Мудофаа вазирлиги Президентга Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттириш бўйича кенг имкониятлар тақдим этишда давом этмоқда. Шу билан бирга, биз қуролли кучларимизнинг жанговар тайёргарлигини сақлаб қолган ҳолда, стратегик ёндашувимизни доимий равишда қайта кўриб чиқяпмиз.”

Россия эса АҚШ томонидан айрим қуроллар етказилишини тўхтатишни олқишлади, аммо бу қарорнинг сабаблари борасида ҳеч қандай далил келтирмади. Улар бу қарорни АҚШда қурол заҳиралари камайгани билан боғлади.

Пентагон вакили Шон Парнелл душанба куни берган баёнотида: “Президент Трамп кўрсатмасига биноан, Мудофаа вазирлиги Украинага қўшимча мудофаа қуролларини юборади. Бу ёрдам Украина ўзини ҳимоя қилиш имкониятини оширади. Шу билан бирга, ҳарбий ёрдамни глобал миқёсда баҳолаш доирасидаги стратегик мезонлар ўз кучида қолади,” деди.

АҚШ Россия 2022-йилда кенг кўламли бостириб киришни бошлаганидан бери Украинанинг энг йирик ҳарбий ёрдамчиси бўлиб келмоқда. АҚШ томонидан етказиб берилган воситалар орасида ҳаво мудофааси тизимлари, дронлар, ракета тизимлари, радарлар, танклар ва зирҳга қарши қуроллар мавжуд.

Трамп март ойида Зеленский билан бўлган кескин телефон мулоқотидан сўнг қисқа муддатга барча ҳарбий ёрдамни тўхтатган эди, аммо бир ҳафтадан сўнг бу ёрдам тикланган.

Сўнгги қуроллар юборилиши ҳақидаги қарор, Трампнинг ўтган ҳафта Россия Президенти Владимир Путин ва Украина Президенти Володимир Зеленский билан алоҳида-алоҳида телефон орқали мулоқотларидан сўнг эълон қилинди. Трампнинг сўзларига кўра, Путин билан суҳбатда ҳеч қандай сулҳга оид силжиш бўлмаган.

Зеленский эса сўнгги ҳафталарда Ғарб давлатларидан, хусусан, АҚШдан ҳаво мудофаасини мустаҳкамлашни қатъий сўраб келмоқда. 4-июл куни Россия Украинага қарши уруш давомида энг катта ҳаво ҳужумини амалга ошириб, 550 дан ортиқ дрон ва ракетани ишга солганини Киев маълум қилди.

Трамп жума куни Зеленский билан бўлган яна бир телефон суҳбатидан сўнг, АҚШ Украинанинг “Патриот” ҳаво мудофаа тизимларига бўлган сўровини кўриб чиқаётганини айтди. Зеленский эса бу суҳбатни “энг самарали” деб атади.

Президент Трамп душанба куни Путинга нисбатан норозилигини яна бир бор билдирар экан, “Мен Президент Путин билан мутлақо мамнун эмасман,” деди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Украинани "сақлаб қолмоқчи"