date

Кавказда янги мувозанат: Россия Арманистондаги Гюмри ҳарбий базасини кучайтиришга киришдими?

Кавказда янги мувозанат: Россия Арманистондаги Гюмри ҳарбий базасини кучайтиришга киришдими?
Жанубий Кавказда геосиёсий вазият яна кескинлашмоқда, деб хабар берди euronews.com. Украина ҳарбий разведкаси маълумотига кўра, Россия Арманистон ҳудудида жойлашган Гюмри ҳарбий базасини жиддий равишда кучайтириш бўйича чоралар кўра бошлади. Манбага кўра, бу ҳаракат Москва томонидан минтақага таъсирини янада ошириш ва хавфсизлик мувозанатини ўзгартиришга қаратилган.

Қўшимча қилинишича, Россия Қуролли Кучларининг Жанубий ҳарбий округига тегишли бўлинмалардан профессионал ва жанговар тайёргарлиги юқори бўлган аскарларни махсус саралаш ҳақидаги буйруқ чиқарилган. Саралаш жараёнида ҳарбийларнинг руҳий барқарорлиги ва тажрибасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши белгиланган.

Шу билан бирга, Арманистон ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ҳудудидаги Россия ҳарбий базасини кучайтириш ҳақидаги маълумотни рад этди. Аммо Украина разведкаси Россияда тайёрланган буйруқни ва ушбу ҳаракатлар Арманистон, Озарбайжон ва Туркия муносабатлари янада яқинлашиб бораётган паллада содир бўлаётганини таъкидлайди.

Гюмри ҳарбий базаси Арманистон пойтахтидан 100 км шимоли-ғарбийда, Туркия чегарасига жуда яқин жойлашган. Базада 5000 нафаргача аскар хизмат қилади, унда МиГ-29 қирувчи учоқлари ва замонавий С-300 зенит-ракета тизимлари мавжуд. 2010 йилда Россия ва Арманистон базани 2044 йилгача ижара қилиш бўйича келишувга эришган эди.

Экспертлар таъкидлашича, Россия ҳарбий базасининг кучайтирилиши Озарбайжон ва Россия муносабатларидаги таранглик фонида минтақавий хавфсизлик учун янги чақириқлар яратиши мумкин. Айни пайтда Арманистон ташқи сиёсатда фаолликни ошириб, КХШТ каби ҳарбий иттифоқлардаги иштирокини қайта кўриб чиқмоқда.

Таҳлилчилар Озарбайжоннинг тобора мустақил геосиёсий йўл тутаётгани ва Москва “катта оғалик” қилиш сиёсатига қаршилик кучаяётганини таъкидлашмоқда. Минтақада ҳарбий ва сиёсий мувозанат қандай ўзгаради — жавобини вақт кўрсатади.

Zamin.uz эса, Жанубий Кавказдаги ҳарбий вазият, Россиянинг стратегик ҳаракатлари ва минтақавий геосиёсий жараёнлар ҳақида энг сўнгги ва холис маълумотлар билан ўз ўқувчиларини таъминлашда давом этади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кавказда янги мувозанат: Россия Арманистондаги Гюмри ҳарбий базасини кучайтиришга киришдими?