date

Ғазода очлик қурбонлари сони юракни титратар даражада ошди

Ғазода очлик қурбонлари сони юракни титратар даражада ошди

8 август куни келиб тушган расмий маълумотларга кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида озиқ-овқат етишмаслиги ва чуқур гуманитар инқироз туфайли очликдан вафот этганлар сони 201 нафарга етди. Бу қурбонларнинг ичида 98 нафар бола ҳам борлиги энг оғир ва аламли ҳолат сифатида қайд этилмоқда, деб хабар берди Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Маълум бўлишича, сўнгги 24 соат ичида яна 4 киши – уларнинг орасида икки нафар бола ҳам – очлик ва тўйиб овқатланмаслик оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Бу орамда Исроил томони жорий йил 27 июлидан буён гуманитар ёрдамнинг қисман кириб келишини қайтадан рухсат этгани қайд этилса-да, умумий ҳажм аҳоли эҳтиёжининг атиги 14 фоизини қоплашга етмоқда. Хусусан, бу муддат мобайнида 945 та юк машинаси ҳудудга кирган, бироқ маҳаллий маъмуриятнинг таъкидлашича, уларнинг катта қисми Исроил ҳарбийлари иштирокида ёки кўз юмган ҳолда талон-торож қилинган.

Шу билан бирга, БМТнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ғазодаги қишлоқ хўжалиги ерларининг атиги 1,5 фоизи фаластинликлар ихтиёрида қолган. Бу эса маҳаллий аҳолининг мустақил равишда озиқ-овқат етказиб бериш имкониятларини деярли йўққа чиқармоқда. Ғазо маъмурияти ҳисобича, аҳоли минимал даражадаги озиқ-овқат, ёқилғи, дори-дармон ва зарур воситалар билан таъминланиши учун кунига камида 600 та юк машинаси киритилиши шарт.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк бу ҳолатга қаттиқ баҳо берди. Унинг сўзларига кўра, Исроилнинг Ғазода тинч аҳоли учун озиқ-овқатга киришни чеклаши инсониятга қарши жиноят сифатида баҳоланиши мумкин. Шунингдек, у рухсат этилган ёрдам ҳажмининг зарур миқдордан кескин камлигини таъкидлади.

Маълумот учун, 2023 йил 7 октябрдан буён давом этаётган уруш натижасида Ғазо секторида камида 61 258 киши ҳалок бўлди, 152 045 киши эса турли даражада яраланди. Муттахассислар бу рақамлар ортидан янада оғир оқибатлар келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ғазода очлик қурбонлари сони юракни титратар даражада ошди