
Австралия ҳукумати сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Фаластин давлатини тан олиш режасини эълон қилди. Бош вазир Энтони Албанесе бу қарор Буюк Британия, Франция ва Канада каби мамлакатларнинг ўхшаш қадамларидан сўнг қабул қилинганини маълум қилди.
Албанесеънинг сўзларига кўра, бу ташаббус Фаластин маъмуриятидан олинган мажбуриятлар ҳамда икки давлатли ечим истиқболларига асосланган. “Икки давлатли ечим — Яқин Шарқда зўравонлик доирасини узиш ва Ғазодаги можаро, азоб-уқубат ҳамда очарчиликка барҳам бериш учун инсониятнинг энг катта умидидир”, — деди у.
Исроил расмийлари эса бундай тан олиш “терроризмни мукофотлайди” дея баёнот берди. Ғазо соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларига кўра, сўнгги кунларда очлик ва тўйиб овқатланмаслик оқибатида яна беш киши вафот этган бўлиб, уруш бошидан буён бу кўрсаткич 217 кишига етган. 2023 йилдан бери давом этаётган ҳарбий амалиётлар натижасида эса 61 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Фаластин маъмурияти давлат сифатида тан олиниши халқнинг ўз тақдирини белгилаш ҳуқуқига бўлган халқаро қўллаб-қувватлаш ортиб бораётганидан далолат беришини билдирди.
Австралия бош вазири сўнгги икки ҳафта ичида Буюк Британия, Франция, Янги Зеландия ва Япония етакчилари билан музокаралар олиб борганини қайд этди. Мазкур қадам, экспертлар фикрича, Яқин Шарқ тинчлик жараёнига халқаро босимни кучайтириши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар