АҚШнинг Massachusets технология институти (MIT) олимлари сунъий интеллект ёрдамида икки турдаги янги антибиотик яратишди. Улар дори воситаларига чидамли хавфли бактериялар — гонорея ва MRSA (метитсиллинга чидамли олтин рангли стафилококк) — ни йўқ қила олади. Бу ҳақда BBC хабар берган.
Дорилар ҳозирча фақат лабораторияда ҳайвонлар устида синовдан ўтган ва яхши натижа кўрсатган. Лекин одамларга қўллашдан олдин уларни яна 1–2 йил давомида такомиллаштириш ва клиник синовлардан ўтказиш керак бўлади.
Сунъий интеллект аввал турли антибиотикларнинг таркиби ва уларнинг бактерияларга таъсири ҳақидаги маълумотлар билан ўқитилган. Кейин олимлар икки йўналишда иш олиб борган: бири мавжуд кимёвий таркиблар асосида ишлаш, иккинчиси эса сунъий интеллектга тўлиқ эркинлик бериш.
Натижада инсон учун хавфсиз ва илгари мавжуд бўлмаган таркибга эга икки дори яратилган. Улар сичқонлар устида синовдан ўтиб, самарали деб топилган. Олимлар бу антибиотиклар келгусида дорига чидамли касалликлар билан курашда катта аҳамият касб этишини айтишмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!