Япония пойтахти Токио масофадан ишлаш ва ҳордиқ чиқаришни уйғунлаштириш имконияти энг юқори бўлган шаҳарлар рейтингида етакчиликни қўлга киритди. Бу ҳақда TimeOut нашри International Workplace Group (IWG) ҳисоботига асосланиб хабар берди.
Мутахассислар шаҳарни ривожланган жамоат транспорти, тезкор интернет ва юқори даражадаги хавфсизлик туфайли юқори баҳолашди. Шунингдек, яқинда Япония хорижий мутахассислар учун махсус “масофавий иш визаси”ни жорий қилди. Унга кўра, чет элликлар мамлакатда бир йилгача қолиб, фаолиятини давом эттириши мумкин.
Тадқиқотда Токионинг тоғлар, денгиз бўйидаги пляжлар ва миллий боғларга яқинлиги ҳам эътиборга олинган. Бу эса йирик шаҳар ҳаётини очиқ ҳавода дам олиш билан уйғунлаштиришга кенг имконият яратади.
Масофадан ишлаш учун энг қулай шаҳарлар рўйхати қуйидагича:
1. Токио, Япония,
2. Рио-де-Жанейро, Бразилия,
3. Будапешт, Венгрия,
4. Сеул, Жанубий Корея,
5. Барселона, Испания,
6. Пекин, Хитой,
7. Лиссабон, Португалия,
8. Рим, Италия,
9. Париж, Франция,
10. Валлетта, Мальта.
IWG асосчиси Марк Диксоннинг қайд этишича, узоқдан ишлаш инсонларга шахсий ҳаёт ва касбий мажбуриятлар ўртасида мувозанатни сақлашга ёрдам беради ҳамда меҳнат унумдорлигини сезиларли оширади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!