date

Москвада ўзбекистонлик такси ҳайдовчиси ҳақоратланди: ТИВ жавоб берди

Москвада ўзбекистонлик такси ҳайдовчиси ҳақоратланди: ТИВ жавоб берди

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видео кенг жамоатчиликнинг ғазаби ва изтиробини уйғотди. Москва вилоятида, аниқроғи Химки шаҳрида бир россиялик шахс ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини ҳақорат қилгани тасвирланган ҳолат юзасидан мутахассислар ҳам, кенг омма ҳам кескин фикр билдиришди.

Видео ёзувида кўринишича, россиялик кимса такси ҳайдовчисига қўпол сўзлар билан бақириб, унга «Сен қулсан, русларнинг қулисан! Оғзингни очма» дея таҳқирли муносабатда бўлган. Шу билан чекланмасдан, «Ўзбекистонда ҳеч нарса йўқлиги учун бизга келгансан. Сен уйингда эмассан, ишлаш учун келгансан, ишингни қил» каби оғир ва ҳақоратомуз гаплар айтгани аён бўлди.

Ўзбекистонлик муҳожир эса вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилиб, жавоб қайтармаган ҳолда вазиятдан чиқиб кетган. Гувоҳларнинг айтишича, можаро таксичининг машинаси қисқа муддат уй ҳовлисига кириш йўлини тўсиб қўйгани ортидан келиб чиққан.

Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлгач, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бефарқ қолмади. Матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов расмий баёнот берди.

У ўз нутқида:
— Ўзбекистон Конституцияси, миллий қонунлар ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларига кўра, фуқароларимиз дунёнинг қайси нуқтасида бўлмасин, давлат ҳимоясида ҳисобланади. Агар уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилса, биринчи навбатда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишлари керак. Шунингдек, ўз дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари орқали ҳуқуқий ёрдам сўраш имконияти ҳам мавжуд, — дея таъкидлади.

Шу билан бирга, у давлатнинг ўз фуқароларини хорижда ҳимоя қилиш масаласини асосий йўналишлардан бири сифатида қарашини ва бу масъулият ўз фуқаролари олдидаги мажбурият сифатида бажарилишини алоҳида урғулаб ўтди.

Шу тариқа, ТИВнинг баёноти Россиядаги ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон фуқароларига қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя кафолати борлигини яна бир бор эслатди. Бу воқеа эса юртдошларимизнинг ҳуқуқлари ва қадр-қимматини асраш қанчалик муҳим эканини яна бир бор кўрсатиб турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Москвада ўзбекистонлик такси ҳайдовчиси ҳақоратланди: ТИВ жавоб берди