date

Киберфирибгарлик қурбонлари: аёллар романтикада, эркаклар инвестицияда

Киберфирибгарлик қурбонлари: аёллар романтикада, эркаклар инвестицияда

Кўпчилик “фирибгарлик” деганда асосан банк картаси маълумотлари ўғирланиши ёки SMS орқали келадиган кодларнинг қўлга тушишини тасаввур қилади. Аслида эса интернет орқали амалга ошириладиган алдов усуллари жуда кўп ва хилма-хил. Шу боис, қайси жинс вакиллари қайси турдаги фирибгарликларга кўпроқ ишониб қолиши масаласи ҳам долзарб.

Киберфирибгарлик турлари нималар?

Биринчи навбатда романтик фирибгарликлар (Romance Scams) тилга олинади. Бу турда фирибгарлар танишув сайтлари ёки ижтимоий тармоқларда сохта профиллар яратиб, инсон билан эмоционал яқинлик ўрнатади. Ишонч қозонгач, касаллик, авиабилет, виза ёки қариндошининг муаммоси баҳонаси билан пул сўрайди. Бу ҳолатда одатда ёлғизликдан азият чекиб келаётган инсонлар, муносабат излаётган катта ёшли кишилар ва меҳрибон, ишонувчан шахслар қурбон бўлади. Статистикага кўра, бу тоифада кўпроқ аёллар фирибгарликка учрайди.

Иккинчи йирик тур — инвестиция ва молиявий фирибгарликлар. “Осон даромад” ваъдаси орқали фирибгарлар ўзини трейдер ёки крипто мутахассис қилиб кўрсатади. Илк транзакциялар муваффақиятли чиққандек қилинади, кейинчалик катта маблағ талаб қилинади. Бу ҳолатда кўпроқ эркаклар, айниқса 30 ёшдан катталар қурбон бўлишади.

Учинчи тур — интернет савдоси билан боғлиқ алдовлар. Ёлғон онлайн дўконлар орқали арзон товарлар таклиф қилинади, аммо пул тўланганидан сўнг товар келмайди ёки сифатсиз ҳолда етиб келади. Шунингдек, шахсий маълумотлар ҳам ўғирланиши мумкин.

Тўртинчи тур — техник ёрдам фирибгарликлари. Бу усулда фирибгар ўзини Microsoft, Apple ёки банк ходими деб таништириб, “компьютерингизда вирус бор” деган баҳона билан сиздан дастур ўрнатишни сўрайди. Кейин пул талаб қилинади ёки қурилмангиз тўлиқ назоратга олинади. Бу ҳолатда кўпроқ катта ёшдаги инсонлар алданади.

Жинслар кесимида ким кўпроқ алданади?

Австралиянинг ScamWatch маълумотларига кўра, романтик фирибгарликларда аёллар улуши 54,9% ни ташкил этган, эркаклар улуши эса 43,3%. Зарар суммасининг 75,3%и аёлларга тўғри келган. Бироқ ўртача ҳисобда эркаклар каттароқ маблағ йўқотган. Масалан, 2024 йилда Австралияда аёллар романтик фирибгарликлардан $20,1 млн, эркаклар эса $13,3 млн зарар кўрган.

Шунингдек, Филиппин пойтахти Маниладаги йирик жиноят ишида 5000 дан зиёд эркак криптовалюта орқали тез бойиш ваъдаси билан алдангани маълум қилинган.

Тадқиқотлар кўрсатмоқдаки, эмоционал ёрдам излаётган ва руҳий жиҳатдан заиф инсонлар фирибгарлик қурбонига айланиш эҳтимоли юқори. Шунинг учун ҳам романтик фирибгарликларда кўпроқ аёллар, инвестицион фирибгарликларда эса кўпроқ эркаклар зарар кўрмоқда.

Қисқача айтганда, киберфирибгарлик турлари кўпайган сари жамиятнинг турли қатламлари учун хавф ҳам ортиб бормоқда. Шу боис ҳар бир инсон интернетдаги ҳар қандай “тез фойда” ёки “эмоционал яқинлик” таклифларига нисбатан ўта эҳтиёткор бўлиши лозим.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Киберфирибгарлик қурбонлари: аёллар романтикада, эркаклар инвестицияда