Пекин шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллигига бағишлаб ўтказилган йирик ҳарбий парад олдидан Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпинг ҳамда Россия Федерацияси президенти Владимир Путин орасида қизиқарли суҳбат кузатилди. Bloomberg нашри тарқатган маълумотларга кўра, давлат раҳбарларининг нутқидан айрим парчалар расмий трансляцияга тасодифан кириб қолган.
Маълумотларга кўра, суҳбат парад бошланишидан олдин, раҳбарлар минбарга кўтарилаётган вақтда бўлиб ўтган. Шу пайтда уларнинг ёнида Корея Халқ Демократик Республикаси етакчиси Ким Чен Ин ҳам ҳозир бўлган.
Ёзиб олинган лавҳа бошида Си Жинпинг хитой тилида «ҳозирги кунда» ва «70 ёшда» деган ибораларни тилга олгани эшитилади. Ордан кўп ўтмай, Путиннинг таржимони рус тилида сўзлаб: «Илгари одамлар жуда кам ҳолларда 70 ёшга етарди. Энди эса 70 ёшда ҳам сени бола эканингни айтишади», деган.
Шундан сўнг Путиннинг аниқ сўзларини англаш қийин бўлган, аммо хитойлик таржимон унинг фикрларини Си Жинпингга етказаркан, «Замонавий биотехнологиялар тараққиёти сабабли инсон аъзоларини мунтазам кўчириб ўтказиш мумкин, одам эса ўзини янада ёш ҳис қилиши ва ҳатто умрбоқийликка эришиши мумкин», деган мазмунда таржима қилгани эшитилган.
Си Жинпинг эса бунга жавобан: «Олимларнинг башоратларига кўра, бу асрда одам 150 ёшгача умр кўриши эҳтимоли бор», деган. Шундан сўнг трансляция бошқа ракурсга ўтказилиб, суҳбат тўлиқ эфирга узатилмаган.
Маълумки, ҳар икки етакчи — ҳам Путин, ҳам Си Жинпинг ҳозирда 72 ёшда. Путиннинг бешинчи президентлик ваколати 2030 йилда ниҳоясига етади. Аммо Россия Конституциясига 2020 йилда киритилган ўзгаришлар орқали у яна бир бор сайланиш ҳуқуқига эга бўлиб, 2036 йилгача давлат раҳбари лавозимида қолиши мумкин.
Си Жинпинг эса амалдаги учинчи президентлик муддатини ўтаб келмоқда ва унинг ваколати 2028 йилда тугайди. Шу пайтга қадар Хитойда ҳеч бир раҳбар икки муддатдан кўп ҳокимиятда турмагани эътиборга молик ҳолат сифатида қайд этилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!