АҚШ президенти Доналд Трамп хорижий компанияларни Жоржиядаги ICE рейдидан кейин мамлакатнинг иммиграция қонунларига риоя қилишга ҳамда америкалик аҳоли учун иш ўринлари яратишга даъват қилди.
Трамп Иммиграция ва божхона назорати (ICE) томонидан Жоржиядаги Hyundai-ЛГ заводида ўтказилган кенг кўламли рейд ҳақида фикр билдириб, хорижий сармоядорларни АҚШда фаолият юритишда “қонуний йўллар” орқали ишчиларни ёллаш ва уларни тайёрлашга чақирди.
Ўзининг Truth Social платформасидаги баёнотида президент қўшма штатларга сармоя киритиш мақбуллигини таъкидлади, бироқ бу жараёнда иммиграция қонунларига қатъий риоя қилиш зарурлигини ҳам унутмаслик кераклигини эслатди. “Биз барча хорижий компаниялардан АҚШнинг қонуний талабларига ҳурмат қилишларини талаб қиламиз. Бунинг эвазига сиздан америкалик ишчиларни ёллаб, уларни зарур билим ва малака билан таъминлашингизни кутамиз”, – деди Трамп.
Ҳодиса 5 сентябрь куни ICE бўлинмалари томонидан Жоржиядаги электр автомобиллар аккумуляторларини ишлаб чиқарувчи заводда амалга оширилди. ОАВ хабарларига кўра, ушбу рейдда 450 га яқин киши ҳибсга олинган бўлиб, улардан 300 дан ортиғи Жанубий Корея фуқаролари экан.
Сеул расмийлари АҚШнинг ҳаракатларидан “хавотир ва афсусда” эканликларини билдиришди. Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ли Чже Вун таъкидлашича, АҚШдаги сармоя киритаётган компаниялар фаолияти ва фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилмаслиги лозим.
Шу билан бирга, Жанубий Корея президенти маъмурияти маҳбусларни қайтариш бўйича музокаралар якунлангани, зарур расмий тартиб-қоидалар тугаллангач, уларни олиб кетиш учун АҚШга махсус самолёт йўналтирилгани ҳақида ҳам маълум қилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!