Андижон тўқимачилик саноати учун муҳим қадам қўйилди. АҚШнинг йирик логистика марказларидан бири саналган Сент-Луис шаҳрида Андижон тўқимачилик маҳсулотлари савдо уйи ишга туширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, савдо уйи нафақат дўкон, балки шоурум вазифасини ҳам бажаради. Унда Андижон вилоятида ишлаб чиқарилаётган замонавий тайёр кийим-кечак ва турли тўқимачилик маҳсулотлари намойиш этилади. Шу билан бирга, маҳаллий ва халқаро харидорлар учун доимий савдо майдони сифатида хизмат қилади.
Сент-Луис шаҳри АҚШнинг энг йирик транспорт ва логистика марказларидан бири ҳисобланади. Шу туфайли ушбу савдо уйи орқали ўзбек ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларини мамлакатнинг турли штатларига кенг тарқатиш имкониятига эга бўладилар.
Таъкидланишича, янги майдонча Андижон тўқимачилик саноати учун экспорт салоҳиятини ошириш, халқаро бозорларга кириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун кенг имконият яратишда катта аҳамият касб этади.
Очилган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шўҳратбек Абдураҳмонов, “ITF Group LLC” ижрочи директори Саидазим Бурҳонхўжаев, маҳаллий бизнес вакиллари ҳамда Ўзбекистон тўқимачилик саноати тадбиркорлари иштирок этдилар.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!