Қоҳирадаги Миср миллий музейида сенсацион воқеа содир бўлди. Қадимги тарих билан бевосита боғлиқ ноёб экспонат — фиръавн Аменемопетга тегишли тилла билагузук изсиз йўқолгани маълум қилинди. Бу ҳақда Миср қадимий ёдгорликлар вазирлиги манбаларига таяниб, маҳаллий ва халқаро ОАВ хабар берди.
Фиръавн Аменемопет милоддан аввалги 993–978 йилларда ҳукмронлик қилган ва ўз даврида Мисрнинг обрўли подшоҳларидан бири бўлган. Йўқолган билагузук соф олтиндан ясалган бўлиб, унда лазурит тошлари билан безак берилган. Музей маълумотларига кўра, унинг оғирлиги тахминан 600 граммни ташкил этади. Артефакт 3 минг йилдан кўпроқ тарихга эга бўлиб, мисршунос олимлар учун жуда катта аҳамият касб этарди.
Билагузукнинг йўқолиши музейдаги инвентаризация жараёни пайтида аниқланган. Бироқ уни охирги марта қачон ва ким томонидан кўрилгани ҳозирча номаълум. Маҳаллий матбуот бу ҳолатни "маданий меросга қаратилган энг катта зарба" деб баҳоламоқда.
Ҳозирда музейда ички текширув бошланган, махсус комиссия ташкил этилган. Айбдорлар ҳали топилмаган бўлса-да, вазирлик барча аэропортлар, денгиз портлари ва қуруқликдаги чегара постига расмий хабар йўллаган. Йўқолган билагузукнинг фотосуратлари расмий органларга тарқатилган ва уни мамлакатдан ноқонуний олиб чиқишнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.
Қоҳирадаги миллий музей дунёдаги энг йирик маданий хазиналардан бири ҳисобланади. У ерда 17 мингдан ортиқ экспонат сақланади. Жумладан, фиръавн Аменемопетнинг машҳур дафн ниқоби ҳам музейнинг энг ноёб асарлари қаторида. Ҳозирда мутасаддилар реставрация бўлимида яна бошқа буюмлар йўқолмаганига ишонч ҳосил қилиш учун тўлиқ рўйхат олиш ишларини олиб боришмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!