Австрияда жамоатчиликни ҳайратга солган ноодатий ҳолат қайд этилди. Маълум бўлишича, 48 ёшли эркак сохта дипломдан фойдаланиб, қарийб 15 йил давомида мактабда ўқитувчи сифатида ишлаб келган. Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳолат ўқитувчининг ҳамёни йўқолиб қолиши ортидан очиққа чиққан. Ҳуқуқ-тартибот идоралари текширув жараёнида унинг ҳужжатлари ичида қалбаки дипломни аниқлашган. Шундан сўнг махсус тергов ишлари йўлга қўйилган ва гумонланувчи шахс устидан суриштирув бошланган.
Полиция маълумотига кўра, текширув пайтида унинг уйидан юқори сифатда тайёрланган сохта диплом ҳам топилган. Тергов материалларига кўра, у 2010 йилдан бери немис тили ҳамда жисмоний тарбия фанларидан дарс бериб келган.
Сўроқ жараёнида ўқитувчи ўз айбини тўлиқ тан олди. Унинг сўзларига кўра, ҳужжатдаги сохталикни “фақат формал реквизит” сифатида қабул қилган ва ҳақиқий жиддий аҳамият бермаган. Бироқ қонунчилик нуқтаи назаридан бундай ҳаракат оғир жиноят сифатида баҳоланади.
Мактаб маъмурияти эса дарҳол унга нисбатан иш фаолиятини тўхтатди. Агар суд жараёнида унинг айби исботланса, эркак икки йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлиги қайд этилмоқда.
Мутахассислар фикрича, ушбу ҳолат таълим муассасаларида кадрлар текшируви ва ҳужжатларнинг ҳаққонийлигини назорат қилишда янада қатъий чоралар кўриш зарурлигини кўрсатади. Чунки бу каби ҳолатлар нафақат таълим тизимининг обрўсига, балки ўқувчиларнинг келажагига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!