Америка Қўшма Штатларида федерал ҳукуматнинг вақтинча тўхтаб қолиши эҳтимоли борлиги ҳақида жиддий огоҳлантириш берилди. Президент Доналд Трамп матбуот анжуманида маълум қилишича, агар Конгрессдаги республикачилар ва демократлар федерал бюджетни молиялаштириш масаласида келишувга эриша олмаса, 1 октябрдан бошлаб ҳукумат фаолияти вақтинча ёпилиши мумкин.
“Биз демократлар билан музокараларни давом эттирамиз, бироқ мамлакат бир муддат ёпилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бу вақтда биз ҳарбийлар ва ижтимоий хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз”, — деди Трамп Оқ уйдаги чиқишида.
Президентнинг таъкидлашича, агар ҳукумат ёпилса, демократлар илгари сурган қатор ташаббусларнинг молиялаш имконияти бўлмайди. Шу билан бирга, федерал дастурлар ва турли ижтимоий йўналишлардаги қўллаб-қувватлашлар ҳам вақтинча тўхтаб қолиши эҳтимолдан холи эмас.
Трамп Сенатдаги жараёнларга ҳам эътибор қаратди. Унинг айтишича, Ваксиллар палатаси томонидан маъқулланган қонун лойиҳаси Сенатда ҳам тасдиқланиши зарур. Ҳозирги пайтда республикачилар Сенатда 53 овозга эга, аммо ҳужжат қабул қилиниши учун камида 60 овоз керак. Шу сабабли демократ сенаторларининг қўллаб-қувватлаши ҳал қилувчи аҳамиятга эга, аммо уларнинг рози бўлишига ишонч пастлигини Президент очиқ таъкидлади.
Мутахассислар фикрича, ҳукуматнинг вақтинча ёпилиши мамлакатда молиявий барқарорлик ва давлат хизматларининг фаолиятига катта таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса, федерал идоралардаги иш жараёнлари, айрим ижтимоий дастурлар ҳамда хавфсизлик соҳасидаги харажатлар қисқариши эҳтимоли бор.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!