date

Жаҳон қарзи 337,7 триллион долларга етиб, рекорд янгилади

Жаҳон қарзи 337,7 триллион долларга етиб, рекорд янгилади

Жаҳон иқтисодиётида яна бир рекорд қайд этилди. Халқаро молиявий институтлар маълумотларига кўра, жорий йилнинг иккинчи чораги охирида дунё қарзи тарихда илк бор 337,7 триллион АҚШ долларига етди. Бу ҳақда Reuters агентлиги маълум қилди.

Таҳлилчиларнинг қайд этишича, глобал молиявий бозорлардаги юмшоқ шароитлар, АҚШ долларининг қадри пасайиши ҳамда етакчи марказий банкларнинг муросали сиёсати қарз миқдорининг кескин ўсишига сабаб бўлди. Биргина йилнинг биринчи ярмидаёқ жаҳон қарзи 21 триллион доллардан кўпроққа ошиб, мутлақ рекордни ўрнатди.

Халқаро молия институти (IIF) ҳисоботида таъкидланишича, қарзнинг энг катта ўсиши Хитой, Франция, АҚШ, Германия, Буюк Британия ва Японияда АҚШ доллари ҳисобида кузатилган. Бу ҳолат қисман долларнинг заифлашиши билан изоҳланади. Жорий йил бошидан бери доллар асосий савдо ҳамкорлари валюталарига нисбатан қарийб 10 фоизга арзонлашган.

“Пандемия даврида давлатлар томонидан қабул қилинган иқтисодий чоралар натижасида қарз мислсиз даражада ўсиб кетган эди. Ҳозирги ўсиш кўрсаткичлари ўша йиллардаги ҳолатга яқинлашиб қолди”, — дейилади ҳисоботда.

Қарзнинг ЯИМга нисбати бўйича таҳлиллар ҳам қизиқарли кўрсаткичларни очди. Канада, Хитой, Саудия Арабистони ва Польшада бу индекс кескин ўсгани қайд этилган. Шу билан бирга, Ирландия, Япония ва Норвегияда аксинча пасайиш кузатилган.

Ривожланаётган мамлакатлар ҳам қарз юкидан четда қолмади. Улар умумий ҳисобда иккинчи чоракда 3,4 триллион доллар қўшимча қарз олиб, умумий қарз миқдорини 109 триллион доллардан юқорига олиб чиқди.

IIF маълумотларига кўра, қарз ўсишининг асосий сабаби давлат қарзининг кескин кўпайишидир. Бу ҳолат айниқса G7 мамлакатлари ва Хитой мисолида яққол кўзга ташланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда жаҳоннинг умумий қарзи 251 триллион АҚШ долларини ташкил этган эди. Бир йил ичидаги бу каби катта ўсиш иқтисодчилар орасида жиддий муҳокама ва баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, глобал қарзнинг бундай тез суръатларда ортиши келгусида молиявий хавфларни кучайтиради. Бу эса дунё мамлакатларини иқтисодий барқарорлик учун янада қатъий чоралар кўришга мажбур қилиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Жаҳон қарзи 337,7 триллион долларга етиб, рекорд янгилади