АҚШ давлат қарзи бўйича янги рекорд ўрнатди

АҚШнинг давлат қарзи 40 триллион доллардан ошиб, тарихдаги энг юқори кўрсаткичга етди. Қарздорликнинг мунтазам ўсишига ҳукумат харажатларининг солиқ тушумларидан юқори экани, КОВИД-19 пандемияси даврида олинган қарзлар, солиқларни қисқартириш ва давлат харажатларини ошириш сиёсати сабаб бўлмоқда. Қарзнинг кўпайиши ипотека ва автомобил кредитлари нархининг ошишига ҳамда компанияларнинг инвестиция имкониятлари чекланишига олиб келиши мумкин.
АҚШнинг давлат қарзи 40 триллион доллардан ошиб, тарихдаги энг юқори кўрсаткичга етди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди. Қизиғи, мамлакат қарзи бундан атиги беш ой аввал — март ойида 39 триллион долларга етган эди.
АҚШ федерал харажатларининг катта қисми мудофаа, ижтимоий таъминот ва Medicare дастурлари, шунингдек, давлат қарзи бўйича фоиз тўловларига йўналтирилмоқда. Мутахассислар қарзнинг мунтазам ошиб боришига ҳукумат харажатлари солиқ тушумларидан юқори бўлаётганини асосий сабаб сифатида кўрсатмоқда.
Қарзнинг кескин кўпайишида COVID-19 пандемияси даврида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун олинган катта миқдордаги қарзлар ҳам муҳим рол ўйнаган. Кейинчалик солиқларни қисқартириш ва давлат харажатларини оширишга қаратилган сиёсат ҳам федерал бюджетдаги босимни кучайтирган.
Экспертлар давлат қарзининг ўсиши оддий америкаликларнинг ҳаётига ҳам таъсир қилаётганини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, қарз олиш харажатларининг ошиши ипотека ва автомобил кредитлари нархига таъсир қилиши, шунингдек, компанияларнинг инвестиция имкониятларини чеклаши мумкин.
Bipartisan Policy Center ҳисоб-китобларига кўра, АҚШ давлат қарзи 2027 йилнинг қиш охири ва ёз ўрталаригача 41,1 триллион долларлик лимитга етиши мумкин. Шундан сўнг Конгресс қарз лимитини ошириш ёки унинг амал қилишини вақтинча тўхтатиш масаласини ҳал қилиши керак бўлади.






























Изоҳлар 0
…