Дунёда миллиардерлар сони кескин кўпайди

Дунёда миллиардерлар сони 2025 йилда рекорд даражада кўпайиб, 3 795 нафарга етди. Бу бир йилда 8,2 фоизлик ўсишни англатади. Бу ҳақда “Altrata” компаниясининг жорий йилги “Billionaire Census” ҳисоботида маълум қилинган.
Миллиардерларнинг жами бойлиги ҳам бир йилда 12,8 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 15,1 триллион долларга етган. Сўнгги ўн йилда эса уларнинг сони қарийб 60 фоизга кўпайган.
Ҳисоботга кўра, миллиардерлар бойлигининг ўсишида сунъий интеллектга йўналтирилган инвестициялар муҳим роль ўйнаган. Хусусан, миллиардерлар бойлигига энг катта ҳисса қўшувчи 150 та компаниянинг бозор капитализацияси 2024–2025 йилларда сунъий интеллектга сармоя киритмаган компанияларга нисбатан 23 фоиз тезроқ ўсган.
Миллиардерлар сони бўйича АҚШ 1 265 нафар билан биринчи ўринда. Хитойда 363 нафар, Германияда 221 нафар, Ҳиндистонда эса 191 нафар миллиардер бор.
Ҳудудлар кесимида Шимолий Америка 1 337 нафар миллиардер билан етакчилик қилмоқда. Европада 1 081 нафар, Осиёда эса 881 нафар миллиардер истиқомат қилади.
Шунингдек, кейинги ўн йилда миллиардерлар томонидан 6,6 триллион долларлик бойлик мерос қилиб қолдирилиши кутилмоқда. Бундан қарийб 5 минг нафар ворис — миллиардерларнинг турмуш ўртоқлари ва вояга етган фарзандлари манфаат кўриши мумкин.






























Изоҳлар 0
…