АҚШ президенти Доналд Трамп федерал ҳукумат фаолияти вақтинча тўхтагани — шатдаун фонида кадрлар қисқариши бошланганини маълум қилди. Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда у «якуний ишдан бўшатиш жараёни аллақачон старт олган», дея таъкидлаб, бу вазият юзага келишида демократларни айблади.
Президентнинг сўзларига кўра, Конгрессдаги муросасизлик кўплаб иш ўринларининг йўқолишига йўл очган. Шу билан бирга, Трамп қисқартирилаётган лавозимлар ва аниқ тартиб-таомиллар юзасидан қўшимча тафсилотларни ошкор этмай, мавзудан чекинди.
Шатдаун туфайли тахминан 750 мингга яқин федерал хизматчи мажбурий тўланмайдиган таътилга юборилган. Бироқ хаво ҳаракатини бошқариш, полиция, чегара қўриқлови, тез тиббий ёрдам каби зарур инфратузилмалар «истисно» тартибида ишини давом эттираяпти. Трамп аввалроқ ҳам, агар ҳукумат иш фаолияти тикланмаса, оммавий қисқартиришлар амалга оширилишини уйғотган эди.
Эслатиб ўтамиз, 1 октябрдан бюджет бўйича вақтинчалик келишув амалга ошмагани сабабли ҳукуматнинг бир қатор идоралари фаолияти расман музлатилган. Шундан бери Конгрессдаги музокаралар амалда тўхтаб қолган: республикачилар ва демократлар ўртасида кам таъминланганлар учун мўлжалланган Obamacare тиббий суғуртасига давлат қўллаб-қувватлови масаласида келишув ҳали топилмади.
Натижада Вaшингтонда сиёсий қарама-қаршилик давом этар экан, федерал хизматчилар учун ноаниқлик сақланмоқда. Масала бўйича келишув топилмас экан, ишдан бўшатишлар рўйхати кенгайиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!