АҚШ визаси учун янги талаблар: “махфий фильтр” ишга тушди

АҚШ вақтинчалик виза олиш жараёнида янги тартиб жорий этди. Эндиликда ариза топширувчилар қўшимча текширувдан ўтказилиб, муҳим саволларга аниқ жавоб бериши талаб қилинади. Бу ҳақда “The Guardian” нашри АҚШ Давлат департаментининг ички кўрсатмаларига таяниб хабар берди.
Янги тартибга кўра, виза олишни истаган шахслар консуллик суҳбатида ўз мамлакатида таъқиб ёки зўравонликка учрамаганини, шунингдек, у ерга қайтишдан қўрқмаслигини тасдиқлаши керак бўлади. Ушбу саволларга тасдиқ жавобини берса ёки умуман жавоб бермаса виза рад этилиши эҳтимолини кескин оширади.
Маълум қилинишича, Давлат департаменти бутун дунёдаги элчихона ва консуллик ходимларига ушбу тартибни жорий этиш бўйича топшириқ берган. Эндиликда мазкур саволлар суҳбатнинг ажралмас қисми бўлиб, уларга жавоб бермасдан туриб жараённи давом эттиришнинг иложи бўлмайди.
Аризачиларга қуйидаги саволлар мажбурий тартибда берилади:
— Сиз яшаб келган мамлакатингизда зўравонлик ёки шафқатсиз муносабатга дуч келганмисиз?
— Ўша мамлакатга қайтганингизда шундай хавфга дуч келишдан қўрқасизми?
Мутахассислар фикрича, ушбу янгилик асосан ариза берувчиларнинг шахсига оид маълумотларни янада аниқроқ текшириш ва нотўғри ахборот тақдим этиш ҳолатларини камайтиришга қаратилган.
Кузатувчиларнинг таъкидлашича, янги “фильтр” виза жараёнини мураккаблаштириши мумкин, бироқ у АҚШ миграция сиёсатида назоратни кучайтиришга хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!