Хитойда 20 ёшли қиз бошлиқлардан танбеҳ олди ва тез орада ейиш, ичиш ва ҳатто ҳаракат қилишни тўхтатди. Бу ҳақда South China Morning Post маҳаллий ОАВга таяниб ёзмоқда.
Шифокорлар Лида кататоник ступор - ҳаракат, хулқ-атвор, нутқ бузилишлари билан кечадиган ва баъзан жиддий депрессия ёки бошқа руҳий касалликлар фонида намоён бўладиган психопатологик бузилишнинг ўткир шакли ташхисини қўйишди.
Бир ой давомида Лининг аҳволи аста-секин ёмонлашди. У гапиришни, мустақил ҳаракат қилишни, ейиш ва ичишни тўхтатди. Қариндошлари эса қизга ҳожатхонага боришни эслатишга мажбур бўлган.
Шифокорнинг таъкидлашича, воқеа содир бўлишидан олдин ҳам Ли анча ёпиқ характерга эга бўлган, шу сабабли у ўз ҳис-туйғуларини ифода этиш ва ёрдам сўрашга қийналган. Ишдаги стрессли вазият фонида унинг аҳволи ёмонлашган.
Хитой психология жамияти тадқиқотига кўра, мамлакатдаги ишчиларнинг тахминан 4,8 фоизи иш билан боғлиқ депрессиядан азият чекади. Шу билан бирга, ходимларнинг тахминан 80 фоизи стресс ва зўриқиш ҳақида хабар беради, 60 фоизи эса хавотирни ҳис қилади.
Бундан ташқари, Хитойда умумий ишсизлик даражаси анча юқори. Ушбу муаммолар фонида ҳукумат ёшлар бандлигини қўллаб-қувватлаш дастурини ишга туширди. Бироқ, кўплаб ёшлар ҳали ҳам ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келишмоқда. Баъзилар шу сабабли катта юклама ва ортиқча иш соатларига қарамай, ишдан бўшашни хоҳламайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!