
АҚШда федерал ҳукумат фаолиятининг қисман тўхтатилиши оқибатида Ядро хавфсизлиги миллий бошқармаси (NNSA)нинг 1400 га яқин ходими ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Энергетика вазири Крис Райт Невадада ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Вазирга кўра, қисқартиришлар агентликнинг умумий штатининг 80 фоизини қамраб олади. Бу эса Америка ядро арсеналининг сақланиши ва модернизацияси жараёнларига бевосита таъсир кўрсатади.
“Бу мисли кўрилмаган ҳолат”, — деди Крис Райт.
Энергетика департаменти ҳозирча 100 мингга яқин шартнома асосида ишловчи ходимларнинг иш жойларини сақлаб қолмоқда. Аммо бюджет инқирози давом этса, бу мутахассислар ҳам ўз ишини йўқотиши мумкин.
Райтнинг таъкидлашича, бу ўн минглаб одамлар ва уларнинг оилалари, шунингдек, миллий хавфсизликка таҳдид туғдириши мумкин.
Нега бу содир бўлди?
1 октябрдан бошлаб АҚШ Конгресси бюджетни тасдиқлай олмагани сабабли федерал идоралар фаолияти қисман тўхтатилди. Партиялар — республикачилар ва демократлар — ўртасидаги келишмовчиликлар, хусусан соғлиқни сақлаш ва ижтимоий харажатлар бўйича фикрлар тафовути бунга сабаб бўлди.
АҚШ қонунларига кўра, ёпилиш даврида фақат ҳаёт ва хавфсизлик учун зарур бўлган хизматлар фаолиятини давом эттиради. Бироқ, иш ҳақлари кейинчалик, бюджет муаммолари ҳал бўлганидан сўнг тўланади.
АҚШда бундай ҳукумат ёпилишлари янгилик эмас: 1977 йилдан бери 20 мартадан ортиқ шундай ҳолатлар рўй берган. Энг узоқ давом этгани 2018–2019 йилларда бўлиб, у 35 кун давом этган.
Бюджет инқирози туфайли АҚШ атом соҳасида ишчиларни йўқотяпти
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар