Эфиопияда буқа ва эшак ўртасидаги ноодатий яқинлик олимлар эътиборини тортди

Эфиопияда буқа ва эшак ўртасидаги ноодатий яқинлик олимлар эътиборини тортди

Эфиопияда тадқиқотчилар бир-бирига ўзгача муносабатда бўладиган буқа ва эшакни кузатишди. Олимларнинг таъкидлашича, ушбу ҳолат ҳайвонлар ўртасидаги ижтимоий алоқалар ва хатти-ҳаракатлар кутилганидан анча мураккаб бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Пиза университети олимлари Андре Бейрао да Круз ва Мартина Франческо экспедиция давомида Ахиллес лақабли буқа ҳамда Патрокл номли эркак эшакнинг ноодатий муносабатига гувоҳ бўлишган.

Аниқланишича, икки ҳайвон турли эгаларга қарашли бўлишига қарамай, кўпинча бир яйловда бирга ўтлаган. Тадқиқотчилар уларни саккиз кун давомида кузатиб, буқанинг эшак устига миниб олиши билан боғлиқ 51 та ҳолатни қайд этишган.

Бундан ташқари, ҳайвонлар бир-бирини ялаш, танасига ишқаланиш ва тумшуқлари билан тегиш каби яқинлик белгиларини ҳам намоён қилган. Қизиғи, бундай хатти-ҳаракатлар буқанинг эшак устига чиқишидан олдин ҳам, кейин ҳам кузатилган.

Олимлар ҳайвонларга қадимги юнон мифологиясидаги Ахиллес ва Патрокл қаҳрамонлари номини беришган. Уларнинг ўртасидаги яқин муносабатлар айрим талқинларда романтик алоқа сифатида ҳам изоҳланади.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, буқа ва эшак ўртасидаги ҳолатни фақат жинсий хатти-ҳаракат билан изоҳлаш тўғри бўлмайди. Ҳайвонларнинг бир-бирини мунтазам излагани ва ўзаро яқинлик кўрсатгани улар ўртасида алоҳида ижтимоий боғлиқлик шаклланган бўлиши мумкинлигини англатади.

Шу билан бирга, олимлар ҳайвонларнинг ички кечинмаларини аниқ билиш ёки бундай муносабатнинг асл сабабини қатъий белгилаш ҳозирча имконсизлигини қайд этишмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар