Ёқутистонда энг ноёб табиий кўк олмос топилди — унинг ноёблиги ва қиймати нимада?

Россия кончилик ва заргарлик тарихида мисли кўрилмаган воқеа юз берди: Ёқутистондаги Нақин кимберлит майдонида заргарлик сифатига эга бўлган илк табиий кўк олмос қазиб олинди.
«АЛРОСА» компанияси матбуот хизматининг маълум қилишича, оғирлиги 2,74 карат бўлган ушбу ноёб кристал мамлакат ҳудудидаги конларда топилган биринчи тасдиқланган кўк олмос сифатида тарихга кирди. Мутахассислар бундай топилмани геология ва заргарлик оламидаги ҳақиқий сенсация деб атамоқда.
Нима сабабдан бу тош дунёдаги энг қимматбаҳо ҳисобланади?
Топилган тош IIb типидаги олмослар тоифасига киради. Унинг ноёблиги бир нечта ўзига хос хусусиятлар билан изоҳланади:
0,1 фоизлик камёблик: Ер юзидаги барча табиий олмосларнинг бор-йўғи 0,1 фоизигина IIb турига мансуб бўлиб, улар сайёранинг энг қиммат ва ноёб жавоҳирлари сирасига киради;
Кристалл таркибидаги бор моддаси: Тошнинг ўзига хос ғаройиб кўк ранги унинг кристалл панжарасидаги углерод атомлари ўрнини бор атомлари эгаллагани ҳисобига ҳосил бўлади;
Мутлақ бенуқсонлик: Энг ҳайратланарлиси, мазкур кристаллда ҳеч қандай ички нуқсонлар ёки аралашмалар мавжуд эмас. Мукаммал табиий тозалик ва ноёб ранг уйғунлиги унинг қийматини бир неча баробар ошириб юборади;
Устида 11 нафар уста ишламоқда: Бу тарихий тошга сайқал бериш ва уни жаҳон дурдонасига айлантириш учун компаниянинг 11 нафар юқори малакали энг кучли мутахассиси сафарбар этилган.
Афсонавий «Тавернье» ва «Хоуп» олмоси билан қандай боғлиқлиги бор?
Тарихда айнан шу турдаги (IIb) энг йирик ва машҳур тош 1650 йилда Ҳиндистондан келтирилган 115,16 каратли «Таверньенинг кўк олмоси» ҳисобланади.
Ушбу афсонавий тошга ишлов бериш натижасида бугунги кунда Вашингтондаги Смитсон институти музейида сақланаётган машҳур «Хоуп» (Hope Diamond) олмоси дунёга келган. Тарих давомида унга Франция қироллари Людовик XIV, Людовик XV, Людовик XVI, Буюк Британия қироли Георг IV ҳамда машҳур заргар Пьер Камиль Картье эгалик қилган.
Ёқутистонда топилган 2,74 каратли кўк олмос эса бир томондан Нақин конида бор моддасига эга тошлар борлигини илмий жиҳатдан исботлаган бўлса, иккинчи томондан дунёнинг энг сара коллекцияларидан жой олишга даъвогарлик қилмоқда.































Изоҳлар 0
…