АҚШда мигрантлар учун қамоқхона тўлди: 73 минг нафари ушлаб турилибди

АҚШда миграция сиёсати атрофидаги вазият яна бир бор кескинлашди. CBS телеканали келтирган маълумотларга кўра, 15 январь ҳолатига АҚШ иммиграция ва божхона хизмати (ICE) бутун мамлакат бўйлаб депортация қилиниши мумкин бўлган 73 минг нафар мигрантни ушлаб турибди. Бу кўрсаткич идора тарихидаги энг юқори даража сифатида қайд этилмоқда.
Телеканал таъкидлашича, ICE 23 йиллик фаолияти давомида биринчи марта ушлаб турилганлар сони 70 мингдан ошди. Шу билан бирга, ушланганларнинг катта қисми ёлғиз катталар экани айтилган: тахминан 67 минг нафар. Қолган 6 минг нафар атрофидаги қисми эса вояга етмаган фарзандлари бор оилалар ҳисобланади.
Энг кўп муҳокамага сабаб бўлаётган жиҳат — ушланганлар орасида жиноят иши билан боғлиқ ҳолатлар улуши. CBS маълумотида келтирилишича, 34 мингга яқин шахс жиноятда айбланган ёки илгари судланганлар қаторига киритилган.
Бу ортиқча босим ICE тизимининг имкониятлари ҳақида ҳам саволларни кўпайтиряпти. Чунки бундай катта миқдордаги ушлаб туриш нафақат ҳуқуқий жараёнларни, балки инфратузилма, молия ва хавфсизликни ҳам қаттиқ синаб қўяди.
Айни пайтда депортация статистикаси бўйича ҳам баҳслар бор. Айрим расмий баёнотларда ўтган йили “2,5 миллиондан ортиқ” мигрант мамлакатдан чиқарилгани айтилган, аммо бу рақам қандай ҳисоблангани юзасидан мустақил таҳлилчилар турлича фикр билдирмоқда — кимдир бу ерда “депортация” ва “ўз хоҳиши билан кетиш” кўрсаткичлари аралаш кетганини таъкидлайди.
Қисқаси, рақамлар катта, шовқин яна каттароқ. Ва бу тенденция давом этса, АҚШда миграция масаласи 2026 йилда ҳам энг қизғин сиёсий “фронт”лардан бири бўлиб қолиши аниқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!