Москва шаҳрида Марказий Осиё – Россия форматидаги маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди

22 январь куни Москвада “Марказий Осиё – Россия” форматида маслаҳатлашувлар ўтказилди. Унда амалий ҳамкорлик масалалари ҳамда 2025–2027 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режасини амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди. Мазкур режа 2025 йил 9 октябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи “Марказий Осиё – Россия” саммити якунлари бўйича тасдиқланган. Бу ҳақда uzdaily.uz хабар беради.
Учрашувда, шунингдек, саммит чоғида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари илгари сурган ташаббуслар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Маслаҳатлашувларда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин, Қозоғистон ТИВ вазири ўринбосари Ермухамбет Конуспоев, Қирғизистон ТИВ вазири ўринбосари Алма Имангазиев, Ўзбекистон ТИВ вазири ўринбосари Бобур Усмонов, Тожикистоннинг Россиядаги элчиси Давлатшоҳ Гулмаҳмадзода, Туркманистоннинг Россиядаги элчиси Эсен Айдогдиев ҳамда Россиянинг тегишли ижроия идоралари раҳбариятидан масъуллар қатнашди.
Томонлар қўшма режа ва ташаббусларни тизимли татбиқ этиш механизмларини батафсил кўриб чиқиб, олти томонлама ҳамкорликнинг савдо-иқтисодиёт, транспорт ва логистика, энергетика, тиббиёт, маданий-гуманитар алоқалар ҳамда экология йўналишларига алоҳида эътибор қаратди. Музокаралар дўстона ва конструктив руҳда ўтгани қайд этилди.
Маслаҳатлашувлар якунида Россия Энергетика вазирлиги ҳузурида Марказий Осиё давлатлари билан энергетика масалалари бўйича ишчи гуруҳ тузиш ҳақида қарор қабул қилинди. Россия энергетика вазири ўринбосари Роман Маршавин ишчи гуруҳ ёқилғи-энергетика мажмуасидаги ҳамкорлик масалаларини олти томонлама форматда кўриб бориш имконини беришини, шунингдек, давлат раҳбарлари маъқуллаган ҳаракатлар режасининг ижросини тизимли йўлга қўйишга хизмат қилишини билдирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!