Абу-Дабида Россия Украина АҚШ музокаралари умид уйғотди

АҚШнинг Axios нашрига номлари ошкор этилмаган расмий манбаларга таяниб хабар қилишича, Абу-Дабида АҚШ, Россия ва Украина иштирокида ўтган уч томонлама музокаралар кутилганидан анча самарали ўтган ва томонлар ўртасида маълум илгарилаш қайд этилган. Манбаларга кўра, учрашувлар чоғида очиқ мулоқот муҳити шаклланган ва ҳеч бир томон муҳим мавзулардан четлаб ўтишга уринмаган.
Axios ёзишича, АҚШ делегацияси вакиллари, жумладан, Кушнер ва Уиткофф Россия ва Украина ишчи гуруҳлари учрашув ўтказаётган хоналар ўртасида фаол ҳаракатланиб, мулоқотни мувофиқлаштириш билан шуғулланган. Бу эса музокараларни янада жонли ва мазмунли кечишига хизмат қилган.
Нашр АҚШ расмийларидан бирига таяниб, музокараларда барча асосий масалалар муҳокама қилинганини таъкидлайди. Хусусан, Донбасс бўйича Россиянинг ҳудудий даъволари, Запорижжя атом электр станцияси атрофидаги низо, шунингдек, уруш якунланганидан сўнг унинг қайта авж олмаслиги учун қандай кафолатлар зарурлиги ҳақида фикр алмашилган. Манбанинг айтишича, ҳеч қандай масала бўйича мажбурлаш ёки босим бўлмаган, томонлар ўзаро ҳурмат руҳида ечим излашга ҳаракат қилган.
Икки кун давом этган музокараларнинг иккинчи куни якунида уч делегация бир дастурхон атрофида йиғилиб, биргаликда тушлик қилган. АҚШ расмийларидан бири бу ҳолатни “ҳатто қисқа фурсатга бўлса-да, ҳамма деярли дўстдек туюлди” деб таърифлаб, учрашув унда умид ҳиссини уйғотганини айтган.
Яна бир америкалик манба эса умумий кайфиятдан мамнун эканини билдириб, музокаралар имкони борича ижобий руҳда ўтганини таъкидлаган. АҚШ расмийларига кўра, Абу-Дабидаги учрашув тинчликка қаратилган музокаралар занжирида муҳим босқич бўлиб, кейинги қадамларга йўл очади.
Axios хабарида қайд этилишича, Вашингтон доираларида Владимир Путин ва Владимир Зеленский ўртасида бевосита учрашув ўтказиш эҳтимоли жуда яқин деб баҳоланмоқда. Агар Абу-Дабидаги навбатдаги уч томонлама музокараларда янада аниқ келишувларга эришилса, кейинги босқич Москва ёки Киевда давом этиши мумкин.
Қисқаси, Абу-Дабидаги мулоқотлар катта қарорларсиз ўтган бўлса-да, томонлар ўртасида ишонч ва мулоқот учун янги эшиклар очилгани билан аҳамиятли бўлди. Бу эса яқин келажакда тинчлик сари навбатдаги қадамлар қўйилиши мумкинлигидан далолат беради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!