Дубайда ушланган гумонланувчи: Москвадаги суиқасднинг янги тафсилотлари

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида РФ қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси раҳбариятидаги юқори лавозимли генерал-лейтенант Владимир Алексеевга уюштирилган суиқасд иши бўйича асосий гумонланувчи қўлга олинди. Бу ҳақда Интерфакс Россия Федерал хавфсизлик хизмати маълумотларига таяниб хабар тарқатди.
Махсус хизматлар таъкидлашича, Дубайда қўлга олинган шахс — Россия фуқароси, 66 ёшли Любомир Корбадир. У суиқасднинг тўғридан тўғри ижрочиси сифатида кўрилмоқда. Баёнотга кўра, БАА ҳуқуқ-тартибот идоралари гумонланувчини Россия томонига топширган.

Иш доирасида Москвада ҳам яна бир шахс — 1959 йилда туғилган Виктор Васин қўлга олингани айтилди. Шунингдек, 1971 йилда туғилган Зинаида Серебрицкая ушбу воқеага алоқадорликда гумон қилинаётгани, махсус хизматлар талқинига кўра, у Украинага чиқиб кетишга улгургани қайд этилди. Расмийлар бу шахсларни ижрочининг эҳтимолий шериклари сифатида тилга олган.
Тергов версиясида айтилишича, гумонланувчи 1960 йилда Тернопил вилоятида туғилган ва 2025 йил декабр ойида Москвага келган. Россия Тергов қўмитаси маълумотига кўра, у Украина махсус хизматларининг топшириғи билан теракт ташкил этиш мақсадида ҳаракат қилган, деб гумон қилинмоқда. Васинга нисбатан эса қурол-яроғнинг ноқонуний муомаласи ҳамда ҳарбий хизматчининг ҳаётига тажовуз қилиш моддалари бўйича айбловлар эълон қилингани билдирилди.
Расмий маълумотларга кўра, генералга суиқасд 6 февраль тонгида, Волоколамское шоссе атрофидаги уйи олдида содир этилган. Коммерсантнинг ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин манбаларига кўра, ҳодиса эрталабки соат еттилар атрофида рўй берган: генерал кўчада кутаётган хизмат машинаси томон чиққанда, подъезд олдида ўзини “уйга овқат етказиб бериш ходими” қилиб кўрсатган шахс билан тўқнаш келган. Манба талқинида генералнинг қўл-оёқларидан яралангани, қуролни тортиб олишга уринганда кўкрак қисмига ҳам ўқ теккани айтилган.

Шу билан бирга, нашр манбалари ҳарбий мулозимнинг фаол қаршилиги ҳужумкорга режани охиригача етказиш имконини бермаганини қайд этади. Оқибатда генерал оғир аҳволда шифохонага ётқизилган, 7 февраль куни эса жарроҳлик амалиётидан кейин ўзига келгани хабар қилинган.
Воқеага сиёсий-дипломатик муносабатлар ҳам янгради. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров суиқасдни “музокаралар жараёнини издан чиқаришга қаратилган провокациялар” контекстида тилга олган. Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига эса Киевнинг бу ишга алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни рад этган.
Ҳозирча ишнинг барча тафсилотлари тергов доирасида аниқлаштирилмоқда. Аммо бир нарса очиқ: ҳодиса нафақат хавфсизлик хизматлари кун тартибини, балки минтақавий сиёсий тартиботни ҳам янада кескинлаштириши мумкин.