Британия собиқ шаҳзодаси Эндрю ҳибсда: Эпштейн сояси яна қуюқлашди

Буюк Британияда собиқ шаҳзода Эндрю Маунтбеттен-Виндзор атрофидаги можаро янги босқичга чиқди. 19 февраль куни полиция «хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш» (misconduct in public office) гумони билан Норфолкдан бўлган олтмиш ёшлардаги эркакни ҳибсга олганини маълум қилди. Айни пайтда Бёркшир ва Норфолкдаги манзилларда тинтув ишлари ҳам олиб борилмоқда. Ҳозирча у полиция ҳибсида сақланяпти.
Эътиборли жиҳати — ҳуқуқ-тартибот идоралари расман ҳибсга олинган шахс исмини очиқламади. Улар миллий қоидаларга таянилган ҳолда «исм айтилмайди», дея изоҳ берган ва иш «фаол тергов» босқичида эканини, ахборот тарқатишда эҳтиёт бўлиш кераклигини таъкидлаган. Бироқ жамоатчиликдаги катта қизиқиш сабаб айрим ОАВлар бу ҳолатни айнан Эндрю билан боғламоқда.
Бу воқеа, албатта, бўш жойдан пайдо бўлмади. Эндрюнинг номи бир неча йилдан буён марҳум молиячи Жеффри Эпштейн билан боғлиқ можаролар фонида тилга олиниб келади. Қайд этилишича, АҚШ томонидан эълон қилинган ҳужжатлар ва материаллар ортидан айрим айбловлар яна кун тартибига чиққан, полиция эса «жамоатчилик манфаати» юқори бўлгани учун терговдаги янгиликларни белгиланган вақтда эълон қилишини айтган.
Манбаларга кўра, Эндрю ўтган йили ўзининг мазкур алоқалари сабабли унвонларидан маҳрум қилинган. Бугунги ҳибс эса нафақат унинг шахсий имижига, балки монархия атрофидаги умумий муҳитга ҳам қаттиқ зарба бўлиши мумкин — чунки бу иш энди ОАВларда «оддий можаро» эмас, «ҳуқуқий жараён» сифатида кўрила бошлади.
Шу ўринда Буюк Британия бош вазири Кир Стармер «ҳеч ким қонундан устун эмас» деган мазмунда баёнот бериб, АҚШдаги тергов органлари билан ҳамкорлик қилиш кераклигини айтгани қайд этилмоқда. Тергов ҳаракатлари эса давом этяпти.
Қисқаси: бу ҳикояда “шов-шув” эмас, фактлар ҳал қилади. Энди ҳамма нарса далиллар ва тергов натижасига бориб тақалади — ва бу сафар PR билан “ўтказиб юбориш” қийинроқ бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!