Энди Bank of America: Нега дунё банклари Эпштейн иши бўйича миллионлаб доллар тўламоқда?

Энди Bank of America: Нега дунё банклари Эпштейн иши бўйича миллионлаб доллар тўламоқда?

АҚШнинг Манхэттен федерал суди Жэффри Эпштейн иши бўйича навбатдаги шов-шувли қарорни расман тасдиқлади. Судья Жед Ракофф «Bank of America» молиявий гиганти ва жинсий зўравонликларда айбланган марҳум молиячининг қурбонлари ўртасида тузилган 72,5 миллион долларлик келишувга розилик берди.

Судья Ракофф ўз баёнотида ушбу келишувни адолат сари муҳим қадам деб атади ва шундай қўшимча қилди: «Ҳеч қандай пул суммаси Эпштейн томонидан қурбонларга етказилган улкан зарар ва руҳий азобни тўлиқ қоплай олмайди».

60 нафар аёлга компенсация: Даъво нима ҳақида?

Жабрланувчиларнинг адвокатлари берган маълумотга кўра, мазкур маблағ 2008 йилнинг июнидан 2019 йилнинг июлига қадар бўлган даврда Эпштейн ва унинг шериклари томонидан одам савдоси ҳамда жинсий зўравонлик қурбонига айланган тахминан 60 нафар аёлга тақсимлаб берилади.

Шимолий Каролина штатининг Шарлотт шаҳрида жойлашган банкка нисбатан ўтган йилнинг октябрь ойида жамоавий даъво аризаси киритилган эди:

  • Шубҳали транзакцияларга кўз юмиш: Банк Эпштейнга нисбатан вояга етмаган қизларга нисбатан жиноятларда илк бор расмий айбловлар қўйилганидан кейин ҳам унинг шубҳали пул операцияларини тўхтатмаганликда ва унга нисбатан «мутлақ содиқлик» кўрсатганликда айбланди;

  • Сенат қўмитаси маълумотлари: АҚШ Сенати молия қўмитаси маълумотларига кўра, «Bank of America» миллиардер Леон Блэк ва Эпштейн ўртасидаги 170 миллион доллардан ортиқ шубҳали пул ўтказмалари юзасидан ҳисоботларни қайд этган бўлса-да, ҳамкорликни давом эттирган.

Глобал банклар жазоланмоқда: Ким қанча тўлаган?

«Bank of America» Эпштейн можаросида катта жарима ва товон пули тўлашга мажбур бўлган ягона молия муассасаси эмас. Аввалроқ бошқа халқаро гигантлар ҳам шунга ўхшаш келишувларга имзо чеккан эди:

  • «JPMorgan Chase» — қурбонларга 290 миллион доллар;

  • «Deutsche Bank» — қурбонларга 75 миллион доллар тўлаб берган.

Эътиборлиси, ушбу келишувлар доирасида юзлаб миллион доллар тўлаган банкларнинг ҳеч бири ўз айбини расман тан олмаган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар