date

Онасиз қолган маймун боласи интернет юлдузига айланмоқда...

Онасиз қолган маймун боласи интернет юлдузига айланмоқда...

Ижтимоий тармоқларда кўнгилни бир вақтнинг ўзида ҳам эзадиган, ҳам умид уйғотадиган видео тезлик билан тарқалмоқда. Кадрларда онаси ўрнига юмшоқ ўйинчоқни “она” қилиб олган кичик макака — Панч кўринади.

Гап Япониянинг Итикава шаҳридаги ҳайвонот боғи ҳақида кетяпти. Панч олти ойлик. У туғилганидан кейин онаси томонидан ташлаб кетилгани айтилмоқда. Шу сабаб, аввал бошида ҳайвонот боғи ходимлари уни ўзлари парваришлаган, кейин эса бошқа маймунлар яшайдиган волерга ўтказишган.

Бироқ бу ердаги тўда Панчни дарров қабул қилмаган. Кичик макака учун бу оғир синов эди: янги муҳит, янги қоидалар, устига-устак “ўзиники” деб билинмаслик ҳисси. Ана шунда ходимлар унга IKEA томонидан ишлаб чиқарилган орангутан шаклидаги юмшоқ ўйинчоқни совға қилишади. Ва Панч шу ўйинчоқни қаерга борса ҳам қўймай, бағрига босганча олиб юра бошлайди.

Вирусга айланган видеолардан бирида тўдадаги катта ёшли маймунлардан бири Панчга тажовуз қилади: уни судрайди, ҳужум қилади. Панч эса қийинчилик билан қутулиб, чинқирганча яна ўша ўйинчоғи томон югуради. Гўё шу “юмшоқ дўст” унинг ягона тасаллиси, ягона хотиржамлигидай…

Лекин воқеанинг иккинчи қисми одамни бироз енгил торттиради. Кейинроқ катта ёшли бошқа бир маймун Панчни ўз ҳимоясига олиб, уни бағрига маҳкам босганча, битларини тера бошлагани тасвирланган. Яъни тўдада ҳам ҳали-ҳануз меҳр бор. Шунингдек, тенгдош маймунлардан бири Панч билан яқинлашиб, қувлашмачоқ ўйнашгани ҳам кўрилади.

Ҳайвонот боғи ходимлари таъкидлашича, айрим маймунлар ўртасида вақт-вақти билан тажовуз кузатилиши макакалар учун оддий ҳолат. Энг муҳими, Панчни бошқа волерга “кўчириб қўйиш” ҳам ечим эмас: макакалар якка ҳолда яшай олмайди. У тўдага секин-аста, босқичма-босқич қўшилиши керак.

Панч акс этган кадрлар кенг тарқалганидан кейин, кўплаб одамлар уни ўз кўзи билан кўриш учун ҳайвонот боғига боришни бошлаган. Ижтимоий тармоқларда эса HangInTherePunch (“Бардам бўл, Панч”) ҳештеги остида минглаб қўллаб-қувватловчи изоҳлар ёғилмоқда.

Қизиғи, IKEA компаниясининг Япониядаги бўлими президенти Петра Фаре ҳам ҳайвонот боғига ташриф буюриб, Панчга юмшоқ ўйинчоқлар тўпламини совға қилгани маълум қилинди.

Ҳозирча Панчнинг ҳаёти “бир кунда ўзгариб кетади” дейиш қийин. Аммо шу нарса аниқ: у ёлғиз эмас. Унга ёрдам бераётган инсонлар ҳам бор, тўда ичида меҳрибон қўллар ҳам топиляпти. Энг муҳими — Панч секин-аста ишона бошлаяпти.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Онасиз қолган маймун боласи интернет юлдузига айланмоқда...