Овози эшитилади, аммо ўзи кўринмайди: янги маймун топилди

Овози эшитилади, аммо ўзи кўринмайди: янги маймун топилди

Конго Демократик Республикасининг зич тропик ўрмонларида олимлар фанга аввал номаълум бўлган янги маймун турини аниқлади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу сўнгги 75 йил ичида Африкада расман таснифланган бешинчи янги маймун тури ҳисобланади.

Нодир жонивор Ломами миллий боғидаги баланд дарахтлар орасида яшайди. Уни илк бор маҳаллий табиат муҳофазачилари 2008 йилда кўрган бўлса-да, ўшанда фақат битта хира суратга олишнинг уддасидан чиқилган.

Орадан ўн йил ўтиб, маймун яна кузатилгач, Конго, АҚШ ва Германия олимларидан иборат халқаро тадқиқотчилар гуруҳи уни излашга киришди. Аудиоёзувлар, фотосуратлар ва генетик таҳлиллар натижасида бу мутлақо янги тур экани тасдиқланди.

Тадқиқотга раҳбарлик қилган Флорида Атлантика университети тадқиқотчиси Жуниор Амбоконинг айтишича, маҳаллий аҳоли бу маймунни аввалдан билиб, уни «Ликвели» деб атаб келган. Бироқ у жуда эҳтиёткор жонивор бўлгани учун деярли ҳеч қачон кўзга ташланмайди.

Олимлар 52 та қишлоқ аҳолиси билан суҳбат ўтказган. Шундан атиги саккизта қишлоқ аҳолиси ушбу маймунни аввал кўрганини маълум қилган.

Янги турга Colobus congoensis деб ном берилди. У колобуслар оиласига мансуб бўлиб, асосан дарахтларда яшайди ва ўсимликлар билан озиқланади. Мутахассислар ушбу маймунлар ўрмонларда уруғларни тарқатиш орқали экотизим мувозанатини сақлашда муҳим ўрин тутишини таъкидламоқда.

Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, жониворнинг энг қизиқ хусусияти унинг овозидир. Маймун ўзига хос баланд «бўкирувчи» товуш чиқаради, аммо дарахтларнинг энг юқори қисмида яширингани учун уни кўриш жуда қийин.

«Уларнинг овозини тез-тез эшитасиз, аммо ўзини деярли ҳеч қачон кўрмайсиз», — дейди тадқиқот раҳбари Жуниор Амбоко.

Олимлар бу тур жуда камёб эканини, яшаш ҳудуди чекланганини ва айрим жойларда гўшти учун овланишини маълум қилди. Шу боис Colobus congoensis турини расман муҳофаза остига олиш ва унинг сони ҳамда яшаш тарзини чуқурроқ ўрганиш ишлари бошланиши режалаштирилмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар