date

Яқин Шарқдаги уруш сабаб Дубайда олтин нархлари рекорд даражадаги чегирмалар билан сотилмоқда

Яқин Шарқдаги уруш сабаб Дубайда олтин нархлари рекорд даражадаги чегирмалар билан сотилмоқда

Яқин Шарқдаги кескин вазият ва Эрон атрофидаги ҳарбий можаролар Дубай олтин бозорига жиддий таъсир кўрсатди. Авиапарвозлар тўхтатилгани ва хавфсизлик чоралари кучайтирилгани сабабли қимматбаҳо металларни ушбу йирик савдо марказидан олиб чиқиб кетиш имконсиз бўлиб қолди. Натижада трейдерлар олтинни сақлаш харажатларини қоплаш мақсадида уни жаҳон бозоридаги нархдан 30 долларгача арзонроқ сотишга мажбур бўлмоқда.

Дубай дунё бўйлаб олтин экспорти ва транзити бўйича энг муҳим марказлардан бири ҳисобланади. Бироқ минтақадаги уруш туфайли ҳаво ҳудудининг ёпилиши логистикани издан чиқарди. Олтин одатда йўловчи самолётларининг юк бўлимларида ташилгани боис, қатновларнинг бекор қилиниши юкларнинг аэропортларда қолиб кетишига сабаб бўлди. Қуруқлик орқали ташиш эса хавфсизлик хавфлари туфайли деярли амалга оширилмаяпти.

Бу ҳолат олтин етказиб бериладиган энг йирик бозорлардан бири бўлган Ҳиндистонда ҳам сезила бошлади. Ҳиндистонлик таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ҳозирча захиралар етарли бўлса-да, агар логистик узилишлар бир неча ой давом этса, вазият жиддийлашиши мумкин. Бундан ташқари, хомашё етказиб беришдаги муаммолар туфайли ишлаб чиқариш харажатлари 70 фоизгача ошиб кетган.

Мутахассислар Яқин Шарқдаги беқарорлик қимматбаҳо металлар савдосига узоқ муддатли салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотирда. Ҳозирги вақтда олтин нархларида ўзгарувчанлик кузатилаётган бўлса-да, логистикадаги муаммолар савдогарлар учун асосий бош оғриғига айланиб улгурди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Яқин Шарқдаги уруш сабаб Дубайда олтин нархлари рекорд даражадаги чегирмалар билан сотилмоқда