Пранк сабабли ўқитувчи ҳаётидан айрилди

АҚШнинг Жоржия штатида содир бўлган қайғули воқеа жамоатчиликни larzaga soldi. Оддий ҳазил сифатида бошланган ҳолат кутилмаганда фожиа билан якунланиб, бир ўқитувчининг умрига зомин бўлди. BBC келтирган маълумотларга кўра, 40 ёшли Жейсон Хьюз ўқувчиларининг ҳазили оқибатида ҳалок бўлган.
Маълум бўлишича, ўқувчилар унинг уйи ҳовлисидаги дарахтларга ҳожатхона қоғозларини улоқтириб, пранк уюштирган. Бу ҳолатни кўрган Жейсон Хьюз болаларни қўлга тушириш учун дарҳол уйидан чиққан. Аммо ўша пайтда ёмғир ёғиб тургани сабабли ер сирпанчиқ ҳолатда бўлган. Ўқитувчи йиқилиб тушган ва айнан шу лаҳзада воқеа энг оғир тус олган.
Ўқувчилар икки машинада ҳудуддан чиқиб кетишга уринган. Ана шу пайтда ҳайдовчилардан бири тасодифан Жейсон Хьюзни босиб кетган. Шундан сўнг бу ҳазил оддий ўйин эмас, балки оғир оқибатларга олиб келган воқеа сифатида баҳоланмоқда.
Ҳозирда автомашинани бошқарган ўқувчига автоҳалокат оқибатида инсон ўлимига сабаб бўлиш айби қўйилган. Шу билан бирга, воқеага алоқадор яна бир неча ёшга хусусий мулкка ноқонуний кириш ва атрофни ифлослантириш бўйича ҳам айбловлар билдирилган.
Бироқ бу ишда ҳаммани ҳайратга солган жиҳат бор. Марҳум ўқитувчининг оиласи мазкур ёшларга қўйилган айбловлар бекор қилинишини истамоқда. Жейсон Хьюз билан бир мактабда ишлаган рафиқаси Лора Хьюзнинг айтишича, унинг турмуш ўртоғи ўқувчиларни жуда яхши кўрган ва бу ҳазилни ҳам ёмон ният билан қабул қилмаган.
Унинг сўзларига кўра, Жейсон болаларнинг ҳазилидан хабардор бўлган ва ҳатто уларни “иш устида” қўлга туширишни қизиқиш билан кутаётган эди. Фожиа юз бергач, 18 ёшли Жейден Райан Уоллес ҳамда яна икки ўқувчи тез ёрдам етиб келгунча ўқитувчига ёрдам беришга уринган.
Лора Хьюз The New York Times нашрига берган изоҳида оила барча иштирокчиларга нисбатан қўйилган айбловлар бекор қилинишини қўллаб-қувватлашини айтган. У бу қарорни оғриқли бўлса-да, инсоний нуқтаи назардан тушунтирган.
“Бу даҳшатли фожиа. Биз яна бир ёшлар ҳаёти барбод бўлишини истамаймиз. Бу Жейсоннинг бутун умри давомида болалар келажагига сармоя киритишдек фидокорона қарашларига зид бўлар эди”, деган у.
Қисқаси, Жоржиядаги бу воқеа бир лаҳзалик ҳазил баъзан қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор кўрсатди. Энг ачинарлиси, ўқувчиларни яхши кўрган бир ўқитувчи айнан шу болалар билан боғлиқ тасодифли фожиа қурбонига айланди.