Озарбайжонда ҳижобли ўқитувчи ва ўқувчилар дарсни кўчада ўтказди

Озарбайжонда ҳижоб кийганлиги сабабли мактаб биносига киритилмаган ўқитувчи ва бир нечта ўқувчи дарсни ташқарида, йўлак устида давом эттирди. Ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, жамоатчилик эътиборини тортди.
Roya News English хабарига кўра, воқеа мактабларда кийиниш қоидаларига оид янги талаблар ортидан юзага келган норозиликлар фонида содир бўлган. Озарбайжон Вазирлар Маҳкамаси 21 сентябрь куни мактаб формаси қоидаларига ўзгартириш киритган.
Янги талаблар ўқувчиларнинг кийим-бошини ягона стандарт асосида тартибга солиш ва таълим муассасаларида дунёвийлик тамойилларига риоя этишни назарда тутади. Ҳужжатда ҳижоб тўғридан-тўғри тақиқланмаган. Бироқ, айрим мактабларда ушбу қоидалар ҳижоб кийган ўқувчи ва ўқитувчиларнинг таълим муассасасига киришига тўсқинлик қилиш учун қўлланаётгани ҳақида хабарлар берилган.
Вазият мамлакатда норозиликлар ва дарсларни бойкот қилиш ҳолатларига сабаб бўлган. Баҳслар, асосан, мактаб формасига қўйиладиган талаблар, диний эътиқод эркинлиги ҳамда ўқувчиларнинг таълим олиш ҳуқуқи атрофида кечмоқда.
Озарбайжон расмийлари эса кийиниш қоидаларини ягона стандартни таъминлаш ва дунёвий таълим тамойилларига риоя қилиш зарурати билан изоҳламоқда.






























Изоҳлар 0
…