Қирғизистонлик қори Жаҳон Қуръон мусобақасида ғолиб бўлди

Қирғизистонлик Муҳаммадали қори Умаров халқаро Қуръон мусобақасида энг юқори ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда Қирғизистон мусулмонлари диний идораси матбуот хизмати хабар берди.
Мусобақа 17 март куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ташкил этилди. Танловда дунёнинг турли бурчакларидан 10 мингдан ортиқ номзод иштирок этиш истагини билдирган. Улардан 2 минг нафар танлов босқичидан муваффақиятли ўтиб, мусобақада баҳс олиб борган. Якуний босқичга эса 64 нафар иштирокчи йўл олди ва саккиз кун давомида ўз билим ва маҳоратларини намойиш этди.
Мусобақанинг асосий талаблари Қуръони каримни тўлиқ ёддан билиш ҳамда тажвид қоидаларига қатъий риоя қилишдан иборат эди. Мусобақа якунида совринли ўринлар қуйидагича тақсимланди:
1-ўрин — Қирғизистон
2-ўрин — АҚШ
3-ўрин — Миср
4-ўрин — Сурия
5-ўрин — Швеция
Ғолибга 50 минг Саудия риёли (тахминан 13 минг доллар) миқдорида пул мукофоти топширилди. Муҳаммадали қори Умаров ўз ғалабасини бутун Қирғизистон халқининг дуолари ва қўллаб-қувватлаши натижаси сифатида қабул қилишини таъкидлади. У жаҳон миқёсида яна биринчи ўринни эгаллаш имконияти учун Яратгандан миннатдор эканини айтди.
Маълумот учун, Муҳаммадали қори Умаров ҳозирда Мадина Ислом университети Қуръон факультети 4-босқич талабасидир. У 2022 йил 22 сентябрь куни Макка шаҳрида 111 та мамлакат вакиллари иштирок этган жаҳон мусобақасида ҳам ғолибликни қўлга киритиб, 250 минг риёл мукофот билан тақдирланганди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!