Индонезияда ёнғиндан кейин мадрасадаги Қуръон китоблари бутун ҳолда топилди

Индонезиянинг Ғарбий Ява провинциясидаги Гарут туманида юз берган ёнғиндан кейин мадрасада сақланган Қуръон нусхалари бутун ҳолда топилди. Воқеа акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.
Маълум қилинишича, 30 октябрь куни Нурул Якин мадрасаси ва унга туташ Ужанг Софян исмли фуқарога тегишли уйда ёнғин содир бўлган. Олов ярим мустаҳкам қурилиш материалларидан бунёд этилган биноларга жиддий зарар етказган.
Ёнғинни бартараф этиш ва ҳудудни совитиш ишлари олиб борилаётган вақтда ўт ўчирувчилардан бири бино ичидаги қизил жавонга эътибор қаратган. Атрофдаги ёғоч қисмлар ёниб, деворлар қорайган бўлса-да, жавон ичида сақланган Қуръон китоблари бутун ҳолда қолган.
Ҳодиса жойидаги ходим бу манзарани видеога олиб, «Бошқа нарсаларнинг барчаси ёнган, Қуръон эса йўқ. Алҳамдулиллаҳ», дея ҳайрат ва шукроналик билдирган.
Гарут тумани ёнғин хавфсизлиги ва қутқарув хизмати раҳбари Усеп Басуки Эко ёнғин ҳақидаги хабар соат 13:45 да келиб тушганини тасдиқлаган. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга электр симларидаги қисқа туташув сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Воқеа тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.






























Изоҳлар 0
…