АҚШ ва Эрон ўртасида янги тинчлик режаси таклиф қилинди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинликни юмшатиш учун Покистон икки босқичли дипломатик режа таклиф қилди: дарҳол ўт очишни тўхтатиш ва кейин барқарор тинчлик келишувини тузиш.
- Режага кўра, Ҳўрмуз бўғози қайта очилади, 15–20 кун ичида эса якуний келишув ишлаб чиқилади.
- Музокараларда Покистон армияси раҳбари Осим Мунир воситачи сифатида қатнашиб, Жей Ди Венс, Стив Уиткофф ва Аббос Ароқчи билан алоқада бўлган.
АҚШ ва Эрон ўртасида давом этаётган зиддият ва ҳарбий кескинликни бартараф этиш мақсадида янги дипломатик режа ишлаб чиқилди. Reuters агентлиги манбаларига таяниб хабар беришича, ушбу келишув бугун — душанба кунидан амалга кириши мумкин бўлиб, у стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Ҳўрмуз бўғозини қайта очишни назарда тутади.
Маълум қилинишича, ушбу ташаббус Покистон томонидан илгари сурилган бўлиб, у икки босқичли ёндашувга асосланади. Биринчи босқичда зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, иккинчи босқичда эса кенг қамровли ва барқарор тинчлик келишувини имзолаш кўзда тутилган.
Манбалар таъкидлашича, дастлабки келишув электрон форматда меморандум сифатида расмийлаштирилиши мумкин ва музокаралар асосан Покистон орқали олиб борилади. Бу жараёнда Покистон армияси раҳбари Осим Мунир муҳим воситачи сифатида иштирок этиб, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс, махсус вакил Стив Уиткофф ҳамда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи билан доимий алоқада бўлган.
Режага мувофиқ, ўт очишни тўхтатиш келишуви дарҳол кучга кириши, Ҳўрмуз бўғози қайта очилиши ва 15–20 кун ичида якуний келишув ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Ушбу келишув шартли равишда «Исломобод келишуви» деб номланмоқда.
Шу билан бирга, якуний битим доирасида Эроннинг ядровий қурол яратмаслик бўйича мажбурият олиши, эвазига эса халқаро санкцияларни юмшатиш ва музлатилган активларни қайтариш каби муҳим масалалар ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Ҳозирча Теҳрон расмий равишда ушбу таклифга муносабат билдирмаган. Манбаларга кўра, Эрон ҳатто вақтинчалик сулҳ бўйича ҳам аниқ ва қатъий позициясини эълон қилмаган.
Айни пайтда кузатилаётган дипломатик фаоллик Ҳўрмуз бўғози орқали нефть ташишга таҳдид кучайган бир даврга тўғри келмоқда. Бу эса жаҳон энергетика бозоридаги беқарорликни янада кучайтириб, глобал иқтисодга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.































Изоҳлар 0
…