Трампга суиқасд уринишида гумонланган шахсга расмий айблов қўйилди

АҚШдаги ўқитувчи Коул Алленга Доналд Трампга суиқасд уюштиришга уриниш айби билан расмий айблов қўйилди. Унга жиноят содир этишда ўқотар қуролдан фойдаланиш ва қуролни штатлар орқали ташиш каби айбловлар ҳам эълон қилинган. Агар айблар исботланса, Аллен 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин, ёки умрбод қамоқ жазоси олиши мумкин. У ўзини айбсиз деб ҳисобламоқда ва тергов давом этмоқда.
АҚШда ўқитувчи бўлиб ишлаган Коул Алленга мамлакат президенти Доналд Трампга суиқасд уюштиришга уриниш айби илгари сурилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум қилинишича, гумонланувчига шунингдек жиноят содир этишда ўқотар қуролдан фойдаланиш ҳамда оғир жиноятни амалга ошириш мақсадида қуролни турли штатлар орқали ташиш каби моддалар бўйича ҳам айбловлар эълон қилинган. Ушбу айблар исботланса, унга 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси таҳдид қилмоқда. Агар суд уни президентга суиқасд қилишда айбдор деб топса, умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
Айни пайтда Аллен ўзига нисбатан билдирилган барча айбловларни рад этмоқда.
Прокуратура маълумотларига кўра, у эҳтимолий ҳужумни амалга ошириш мақсадида бир нечта штатлар орқали ҳаракатланган. Қўлга олинган пайтда унинг ёнидан 12 калибрли помпа милтиғи, бир нечта пичоқ ва бошқа қуроллар топилгани айтилмоқда.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва ҳозирча мазкур ҳолат бўйича қўшимча тафсилотлар очиқланмаган.





























Изоҳлар 0
…