“Imarat Development” раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Тошкент шаҳар ИИББ Сергели туманидаги “Имарат Девелопмент” қурилиш компанияси раҳбариятига нисбатан фирибгарлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддалари билан жиноят иши қўзғатди.
- Компания мижозлари Қуйичирчиқ туманида қурилиши режалаштирилган уйлар учун тўланган пуллар қайтарилмаётганидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Тошкент шаҳар ИИББ Сергели туманидаги “Imarat Development” қурилиш компанияси раҳбариятига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатни суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Компания қурмоқчи бўлган кўп қаватли уйлар Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида жойлашган. Айрим фуқаролар бундан норози бўлиб, хонадонлар учун тўлаган пулларини қайтаришни сўраган, аммо маблағлар қайтарилмаган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ИИББ раҳбари ва прокуратура назоратида олиб борилмоқда.
Компания асосчиси сифатида танилган Марат Ҳамдамов Instagram саҳифасидаги икки видеомурожаатида ўзига босим ва таҳдидлар бўлаётганини, компанияни тортиб олишга уринишлар мавжудлигини билдирган.
Унинг айтишича, сўнгги бир ойда айрим шахслар компанияни эгаллашга ҳаракат қилган. Ҳамдамов мижозлар олдидаги мажбуриятларини бажариш, уйларни қуриб битказиб, эгаларига топширишини айтганидан кейин босим кучайган. Тадбиркор ўзи ва оиласига таҳдид қилингани, ўлим билан қўрқитилгани, хорижга чиқиб кетиш ва ижтимоий тармоқлардан йўқолиш талаб қилинганини, офисига киришига тўсқинлик яратилганини даъво қилган.
Ҳамдамовнинг маълум қилишича, айрим шахслар компанияни учинчи томонга сотиш, қуриб битказилган уйларни банкка гаровга қўйиб, кредит олишни режалаштирган. У бунга қарши чиққан ва мижозлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.
Иккинчи видеомурожаатида тадбиркор компания номи “Imarat Development”дан “Imtiyaz”га ўзгартирилиши ва ички низо сабабларини тушунтирган.
Унинг сўзларига кўра, сентябрь ойида хорижда бўлганида компаниянинг бош молиячиси Жасур Азизов қўнғироқ қилган. Ҳамдамовнинг таъкидлашича, Азизов таъсисчи бўлмаса-да, молиявий жараёнларни бошқарган. Телефон суҳбатида у компанияга етказилган, ҳисоб-китоблар бўйича бир неча миллион долларлик зарарни банк кредити орқали қоплашни таклиф қилган. Ҳамдамов бунга қарши чиққанидан кейин компания номи унинг розилигисиз ўзгартирилганини билдирган.
Шунингдек, тадбиркор офисга келган мижозлар орасида уни фирибгар сифатида кўрсатувчи маълумотлар тарқатилаётганини айтган ва ўз баёнотларини тасдиқлаш учун аудио ҳамда видео ёзувларни намойиш этган.
Ҳамдамовнинг мурожаатларидан сўнг бир қатор саволлар пайдо бўлди. Агар у компания таъсисчиси бўлса, унинг розилигисиз компания номи ва бошқарувини ўзгартириш қандай амалга оширилган?






























Изоҳлар 0
…