Хитойда микроавтобус юк машинасига урилиб, 13 киши ҳалок бўлди

Хитойнинг Хенан провинцияси Нанянг шаҳрида жойлашган тезюрар йўлда оғир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Маълумотларга кўра, йўловчилар билан тўлган микроавтобус олдинда ҳаракатланаётган ярим тиркамали юк машинасига бориб урилган.
Синхуа ахборот агентлиги хабарига кўра, фожиа оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, яна 3 нафар йўловчи турли даражада жароҳат олган. Ҳодиса 28 май куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 02:40 да содир бўлган.
Қайд этилишича, 9 ўриндиқли микроавтобусда 16 киши бўлган. Бу эса транспорт воситасида белгиланган меъёрдан ортиқ йўловчи ташилганини кўрсатади. Дастлабки маълумотларга кўра, айнан ортиқча юклама ва ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмагани фожиага сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ҳодиса сабабларини ўрганиш учун Нанянг шаҳрига махсус тергов гуруҳини юборди. Айни пайтда авариянинг аниқ тафсилотлари, ҳайдовчиларнинг ҳолати ва йўл шароити бўйича текширув ишлари давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!