Яқин 5 йил ичида ҳарорат рекорд даражага чиқиши кутилмоқда

Яқин беш йил ичида глобал ҳарорат рекорд даражага етиши ёки унга жуда яқинлашиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ)нинг янги ҳисоботида маълум қилинди.
Ҳужжатда 13 та илмий муассаса томонидан тайёрланган прогнозлар умумлаштирилган бўлиб, унда сўнгги йиллардаги иқлим ўзгаришлари ҳамда келгуси беш йил учун ҳарорат ва ёғингарчилик бўйича башоратлар келтирилган.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2026–2030 йилларда глобал ҳарорат саноатгача бўлган давр кўрсаткичларидан 1,3–1,9 даража юқори бўлади. Шунингдек, мазкур даврдаги йиллардан бири 2024 йилги рекордни янгилаб, кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йилга айланиши эҳтимоли 86 фоизга тенг.
Экспертлар 2026 йил охирида Эл-Ниньо ҳодисаси юзага келишини кутмоқда. Бу эса 2027 йилнинг янада иссиқ келиши эҳтимолини оширади.
Ҳисоботда Арктика ҳудудига алоҳида эътибор қаратилган. Прогнозларга кўра, кейинги йилларда бу ердаги ҳарорат глобал ўртача кўрсаткичларга нисбатан анча тез суръатларда ўсади. Шу билан бирга, Баренц, Беринг ва Охота денгизларида муз қатлами янада қисқариши мумкин.
Ёғингарчилик бўйича башоратлар эса Шимолий ярим шарда қиш фасли серёғин келиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Айрим ҳудудларда, жумладан Африкадаги Сахел минтақаси, Шимолий Европа, Аляска ва Сибирда ёз ойларида ёғингарчилик меъёрдан юқори бўлиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!