Австралияда бир йўлдошли тўрт эгизак соғ-омон туғилди

Австралияда жуда кам учрайдиган ва шифокорлар томонидан ўта хавфли деб баҳоланган ҳомиладорлик муваффақиятли якунланди. 34 ёшли Женитар На’амоана 14 июль куни бир йўлдошни бўлишадиган тўрт эгизак қизалоқни дунёга келтирди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум қилинишича, чақалоқлар ҳомиладорликнинг 28 ҳафтаю 4 кунида кесарча кесиш орқали туғилган. Улар монозиготик, яъни битта уруғланган тухум ҳужайранинг тўртта эмбрионга бўлиниши натижасида шаклланган. Мутахассислар бундай ҳолат ҳар 15 миллионта ҳомиладорликдан биттасида учрашини таъкидламоқда.
Она ва унинг турмуш ўртоғи Жортам тўрт эгизак кутаётганини эшитганида жуда ҳайратга тушганини айтди. Ҳомиладорликни кузатган акушер Алекса Бендаллнинг сўзларига кўра, бундай ҳомиладорлик жуда юқори хавфли бўлгани учун аёл 25-ҳафтадан бошлаб шифохонага ётқизилиб, доимий назорат остида сақланган.
«Биз ҳомиладорликни камида 28 ҳафтагача етказишни асосий мақсад қилган эдик. Бугун эса тўрт нафар соғлом қизалоқнинг дунёга келгани барчамиз учун катта қувонч», — деди у.

Қизалоқларга Эмили, Гарриет, Кетрин ва шифокор шарафига Алекса деб исм қўйилди. Ҳозирча улар тўлиқ муддатга етгунча неонатал интенсив терапия бўлимида шифокорлар назоратида қолади. Мутахассислар чақалоқларнинг аҳволи яхши эканини маълум қилди.
Оиланинг бундан ташқари бир ёшдан ўн ёшгача бўлган яна бир неча фарзанди бор. Кўпайган оила эҳтиёжлари учун Женитар На’амоана камида 10 ўринли фургон сотиб олиш мақсадида онлайн хайрия акциясини бошлаган. Ҳозирга қадар ушбу ташаббус орқали 37 минг Австралия долларидан ортиқ маблағ йиғилган.
Шифокорлар таъкидлашича, табиий йўл билан ҳосил бўлган тўрт эгизак ҳомиладорлик жуда ноёб ҳолат бўлиб, ўртача ҳар 700 мингта туғруқдан биттасида кузатилади. Шу боис Австралиядаги ушбу туғруқ тиббиёт мутахассислари томонидан навбатдаги ноёб ҳодисалардан бири сифатида баҳоланмоқда.






























Изоҳлар 0
…